Кундуз куни “фара”ларни ёқиб юриш таклифи кимдан чиққан? Ҳукуматданми ё депутатлардан?
Жамият
−
28 Май 2019
7670Куни кеча “Муносабат” телекўрсатувида бўлиб ўтган куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари чироқларини ёқиб ҳаракатланиши белгиланган Ҳукумат қарори бўйича муҳокама ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари иштирок этиб, йўл-ҳаракати қоидаларидаги янги тартибни танқид қилди.
Адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб борувчи орган сифатида муҳокамада билдирилган қонунчилик тизими билан боғлиқ бўлган фикрларга изоҳ берди.
Адлия вазирлиги барча автомототранспорт воситалари чироқларини ёқиб ҳаракатланишининг тўғри ёки нотўғри эканлигини муҳокама қилиш ниятида эмаслигини билдириб, бу масалани профессионал таҳлил қиладиган мутахассислар вазирликда йўқлигини қайд этди. Мазкур соҳа бўйича қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган махсус органлар мавжуд.
Кўрсатувда қарорнинг айнан қонунчилик жараёнига жавоб бермаслиги ҳақида депутатлар томонидан мулоҳазалар билдирилди. Хусусан:
1) 2016 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёқмаганлик учун айрим тоифадаги автомототранспорт воситаларига нисбатан жарима белгилаш назарда тутилган, аммо ҳозирги кунда ушбу моддага асосан барча автомототранспорт воситалари жаримага тортилётганлиги;
2) қарорнинг қачондан кучга кириши кўрсатилмаганлиги;
3) қонун ҳужжатлари тадбиркорларга қўшимча мажбурият ёки талаблар юкласа, улар уч ойдан кейин кучга кириши лозимлиги ҳақидаги талабнинг бузилганлиги;
4) ҳуқуқий экспертиза масаласи.
Ушбу мулоҳазалар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
1. Маъмурий жавобгарлик кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳақида
2016 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар билан сутканинг қоронғу даврида ёки кўриш чекланган шароитларда ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш сўзлари ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш сўзларига алмаштирилган. Бунда жарима миқдори, яъни энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдори ўзгармаган.
Биринчидан, киритилган мазкур ўзгариш бланкет норма (давлат органлари, мансабдор шахсларга хатти-ҳаракатлар, тақиқлар ва бошқаларни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқини берувчи ҳуқуқий норма) ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, қонунчилик амалиёти ва қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан бланкет нормаларни қўллаш нормал ҳолат бўлиб, одатда бузилиши учун жавобгарлик белгиланаётган моддада барча қоидаларни санаб ўтишнинг имкони бўлмаган ҳолларда ишлатилади.
Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган 73 та турдаги ҳуқуқбузарликда бланкет норма ишлатилган (жумладан, 125-моддада юк ташиш қоидаларини бузганлик учун, 127-моддада транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун, 128-6-моддасида тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун, 130-моддасида темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузганлик учун).
Иккинчидан, у ёки бошқа соҳада тегишли қоидаларни белгилаш қонун ҳужжатларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ёки бошқа ташкилот ваколатига киритилган. Қоидаларни тегишли орган ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда ўзгартириши мумкин ва буни Олий Мажлис билан келишиш талаб этилмайди.
Хусусан, 2015 йил 24 декабрда Ҳукумат томонидан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига ўтган даврда 6 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, мазкур ўзгартиришларга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган санкцияга асосан ҳуқуқбузарни жавобгарликка тортиш мумкин. Яъни, бунда ҳар сафар қоидалар ўзгарганлиги сабабли, Парламентга мурожаат қилинмайди. Бу оддий мантиқдан ҳам келиб чиқади.
Юқоридагиларга кўра, олдин бошқа асос билан киритилган маъмурий жавобгарликнинг қўлланиш доираси асоссиз кенгайтириляпти деган фикр ўринли эмас. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс матнида айрим турдаги эмас, умуман автомототранспорт воситаларининг ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши ҳайдовчини жаримага тортишга сабаб бўлади дейилган.
Энг асосийси, депутатлар томонидан 2016 йилда Ҳукумат киритган деб тилга олинаётган қонун лойиҳаси АСЛИДА Ҳукумат томонидан эмас, балки бевосита Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ташаббус сифатида парламентга киритилган.
Бунга асос қилиб, ўша пайтда Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири тасдиқланганлиги, шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик кодекси нормаларини мос равишда таҳрир қилинаётганлиги ташаббускор депутатлар томонидан асос қилиб кўрсатилган.
Шундай экан, 2016 йилда қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда Ҳукумат “бошқа гапни гапирган” деган важлар, унинг натижасида оммавий ахборот воситаларида нотўғри талқин тарқалганлиги, ҳурматли депутатларнинг аниқ маълумотларга эга эмасликлари натижасида юзага келган.
2. Қарорнинг кучга кириш масаласи
Қарорнинг кучга кириш муддати масаласида шуни айтиш лозимки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ қонун ҳужжатларининг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ҳукуматнинг мазкур қарори жорий йилнинг 10 апрелида расман эълон қилинган ва унда кучга кириш муддати кўзда тутилмаган. Шунга кўра қарор 10 апрелдан кучга кирган ҳисобланади. Бу ўринда қонунчилик нуқтаи назаридан муаммо йўқ.
3. Тадбиркорларга қўшимча мажбурият ёки талаблар юклаганлиги туфайли унинг уч ойдан кейин кучга кириши лозимлиги
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши кўрсатилган ва амалиётда ушбу норма тўлиқ қўлланилиши таъминланаяпти.
Яъни, қонунчиликдаги мазкур талаб бевосита тадбиркорга унинг тадбиркорлик субъекти мақомидаги ҳолатига, фаолиятига таъсир ўтказадиган ҳолатда қўлланилади.
Транспортларнинг чироғини ёқиб юриши ҳақидаги талаб билан тадбиркорлик фаолиятини юритиш қийинлашиб ёки осонлашиб қолмайди, бунинг айнан тадбиркорлик фаолиятига алоқаси йўқ.
Йўл ҳаракати қоидалари универсал ва ҳаммага бир хил татбиқ этиладиган ҳуқуқий нормалар йиғиндисидир, бу борада йўл ҳаракати иштирокчилари бир хил мақомга эга. Шундай экан, йўл ҳаракати иштирокчилари нуқтаи назаридан ҳар қандай янги қоидалар ва талаблар фуқаролар учун бир муддатда, тадбиркорлар учун бошқа муддатда кучга кириши мантиққа зид бўлади.
Масалан, 2018 йил октябрь ойида қабул қилинган Қонун билан транспортда ҳаракатланиш пайтида телефондан фойдаланганлик учун жарима миқдори оширилган.
Муҳокама пайтида билдирилган фикрга таяниладиган бўлса, мазкур норма ҳам камида уч ойдан кейин кучга кириши керак эди. Лекин мазкур норма ҳам эълон қилинган санадан кучга киритилган. Яъни, бу ҳужжатнинг ҳам тадбиркорлик фаолиятига алоқаси йўқ.
Шу сабабли ҳужжатнинг уч ойдан кейин кучга кириши лозимлиги ҳақидаги фикрларга ҳам қўшилиб бўлмайди.
4. Ҳуқуқий экспертиза масаласи
Қарор лойиҳаси бошқа турдаги экспертизалар ўтказилгандан сўнг Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва тегишли таклиф-мулоҳазалар берилган.
Шундай экан, депутатларнинг қонун ҳужжатлари Адлия вазирлиги томонидан барча қонуний талабларга мувофиқ экспертизадан ўтказилишини асоссиз равишда шубҳа остига олишлари мутлақо ноўриндир.
Шу ўринда Адлия вазирлиги ҳозирда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси устида ишлаётгани ва унда маъмурий жазо чоралари тизимини либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилади.
LiveБарчаси