ДХМ биноларини қуришда оқсаётган вилоятлар “рейтинги” очиқланди
Жамият
−
12 Декабрь 2019
6308Давлат хизматлари марказлари ташкил этилди-ю, олам гулистон деб ўйласизми? Йўқ, албатта. Ҳудудларда муаммолар талайгина. Айниқса, Давлат хизматлари марказлари биноларини қуриш бўйича муаммолар қалашиб ётибди. Буни Давлат хизматлари агентлиги директори Ҳалилилло Тўрахўжаев ҳам тасдиқлади.
Бугун, 12 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат хизматлари агентлиги масъуллари билан бўлиб ўтган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган QALAMPIR.UZ ҳудудларда Давлат хизматлари маркази биноларини қуриш бўйича мавжуд муаммолар хусусида савол билан юзланди. Агентлик директори эса бу борада энг орқада қолаётган ҳудудлар рейтингини очиқлади. Унинг қайд этишича, Андижон вилояти ҳар тарафдан салоҳиятли бўла туриб, вилоятда биноларни қуришга етарли даражада эътибор қаратмаяпти.
“Бу соҳада асосий муаммолар маҳаллий бюджетдан келиб чиқиб пайдо бўлмоқда. Бинолар қурилишида маблағдан оқсаётган ҳудудлар Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳисобланади. Бироқ марказни ташкил этиш ишларида салоҳияти етарли бўла туриб, Андижон вилояти бунга талаб даражасида эътибор бермаяпти.
“У ерда ҳам қурилиш ишлари бошланди, лекин бу ишлар кечикмоқда. Биз Президентимиз томонидан маълум муддатга қўйилган талабларни бажаришдан ташқари, икки йилдан бери инфратузилма ишлари билан ҳам югуриб юрибмиз. Қани эди юз фоиз ресурсимизни фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар жараёнини соддалаштиришга йўналтирсак. Ҳозирча шу муаммо. Аммо инфратузилма яратмасдан туриб бу жараённи ҳам тўлиқ йўлга қўйиш қийин. Ҳеч кимга осон эмас, аслида”, - деди агентлик директори.
Бугунги кунда давлат хизматлари марказлари ҳар бир туман, шаҳарда мавжуд ва уларнинг сони 201 тага етган. Уларда 120 га яқин давлат хизматлари кўрсатилган.
2017 йилда “Ягона дарча” марказлари орқали 120 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилган бўлса, Агентлик ташкил этилганидан бери 15 миллионга яқин хизматлар тақдим этилган.
Туман марказларидан узоқда яшовчилар учун жойларда хизмат шохобчалари очилмоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 53 тага етган. 2019 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, ушбу филиаллар туфайли 37 мингга яқин инсоннинг вақт ва транспорт харажатлари тежалган.