Анча-анча хатолар бўлди – Президент
Жамият
−
01 Сентябрь 2019
10069Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 31 август куни Кўксаройда бўлиб ўтган тантанали маросимда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарди ва ташвишларига қулоқ тутиш ва муаммоларига ечим топиш масалаларига алоҳида тўхталди. Давлат раҳбари аввалги бошқарув тизими ва унда йўл қўйилган хато-камчиликларга ишора қиларкан, “энди халқимиз бу хатоларни кечирмайди”, дейди.
“Етти ўлчаб, бир кесадиган сиёсат олиб бормасак, энди халқимиз бизнинг хатоларимизни кечирмайди. Нимага десангиз, анча-анча хатолар бўлди. Мен нима учун мулоқотдан бошладим? Халқ билан бамаслаҳат қилинган режа, албатта, барқарор бўлади. Олдимизда ҳали мураккаб вазифалар турибди, жуда мураккаб. Биз биринчи қадамни қўйдик, бу қадам тўғрилигига инондик. Лекин буни амалга ошириш учун жуда катта куч, қудрат, жипслик керак. Ватанни севган одам ҳамма нарсага қодир. Ватанпарварликни, ватанни севишни ёшларга инонтира олсак, бизнинг келажагимиз, албатта, буюк бўлади. Мен бунга ишонаман”, дейди Шавкат Мирзиёев ғайрат билан.
Маълумки, Ўзбекистон ўтган уч йилда очиқлик ва ошкоралик сиёсатини танлади. Кўп йиллар қоғозда бўлиб келган демократик ўзгаришлар ҳаётга кўчди. Одамлар ҳаётида ўз ифодасини топа бошлади. Буни эса бутун дунё кузатиб турибди, олқишламоқда. Президент муаммоларни ечиш, демократик ислоҳотларни ривожлантиришда ОАВнинг очиқлигига эътибор қаратганини айтади.
“Ўзбекистондаги халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари кўриб турибди, демократик ривожлантириш деганда, оммавий ахборот воситаларининг очиқлигига имкон яратяпмиз. Ойнаи жаҳон орқали яхши нарсаларни эмас, 50% камчиликларни кўрсатяпти. Биз тўғри йўлда эканимизга инонаман, ишонаман. Бундан бошқа йўл йўқ. Ҳозир тўғри гапирсак, очиқ гапирсак, камчилигимиз борми, одамларимизга бугун қилолмаймиз, эртага қилиб берамиз, биз биламиз, биз эшитдик, лекин буни эртага қила оламиз ёки бугун қила оламиз, деб тўғри гапиряпман”, дейди Мирзиёев.