Бир гап бўлса, “сен қилдинг”, деб ёқасидан олишмайдими?
Таҳлил
−
18 Апрель 2020
13162Одамзотнинг табиати шундай – “бу мумкин эмас”, дея тақиқланган нарсага, бир бор бўлса-да, қўл уриб кўради. Ақли бори дарров бу ишлардан қайтади, ақли жойида бўлмагани эса бутун олам “бу нарсани қилма”, деб турганида ҳам ўша қайтариқдан юз ўгирмайди, тап тортмай, бир туки ўзгармай қилаверади.
Ўзбекистонда карантин режими эълон қилингач, турли чекловлар жорий этилди, қоидалар йўлга қўйилди. “Ниқоб тақ”, “Қўлингни совунлаб юв”, “Карантин қоидаларига амал қил”, деган чақириқлар шу даражада кўп гапирилди-ки, инсон онгининг туб-тубига жойлашиб улгурди. Аммо бу нарсаларни эртакдек қабул қилаётганлар, менсимаётганлар, ўзларини гўёки бу оламда ёлғиз улар хавфдан йироқдек тутаётганлар ва энг асосийси, ўзи у ёқда турсин, сиз, биз ва бутун халқни ҳурмат қилмаётганлар ҳамон учрамоқда.
Кеча, 17 апрель куни Жиззах вилоятида яшовчи 30 яшар аёлнинг 4 нафар одамни йиғиб, туғилган кунини нишонлаганини ёки Самарқанд вилоятида ҳам таваллуд айём 11 кишилик байрам дастурхонида ўтказилганини қандай баҳолаш мумкин?
Аслида, бу хабар чиққач, ярага туз сепгандек, қайта тилга олишни истамаган эдим. Аммо ўйланиб қолдим. Бугун мен гапирмасам, бугун у индамаса, эртага нима қиламиз? Бошимиздан тупроқ сочамиз (Худо кўрсатмасин). Келинг, бошқа мавзуларга “ўтлаб кетмайлик-да”, шу ҳодисалар атрофида бироз мушоҳада юритайлик.
Туғилган кун эгаси, яхши ниятда ўз байрамини нишонлайди. Ёмон бўлсин демайди. Аммо бутун Ўзбекистон, бутун миллат карантин қоидаларини бузмасликка чақираётган пайтда унга кўр-кўрона амал қилмаслик, халққа нисбатан ёмонлик эмасми? Шу айёмни оила даврасида нишонлаб, сўнг қўлларни дуога очиб, “Аллоҳим, кейинги йилларда ҳам шу кунни соғлик-саломатликда нишонлашни насиб қилгин”, дейиш шунчалар оғирми?
Хўп, майли. Туғилган кун соҳибининг кўзларини ўз байрамида шира босипти, аммо уйнинг катталари-чи? Улар бунга қаршилик қилса, бўларди-ку. Худо кўрсатмасин, шу байрамдан бирор палакат чиқиб, кимдир касаллик юқтирса, беморнинг ота-онаси биринчи қаёққа келади? Тўғри унинг уйига. “Сен қилдинг, сенинг боланг касаллик юқтирди”, деб ёқаларига чанг солишмайдими? Халқда бир гап бор – “Эл оғзига элак тутиб бўлмайди”. Маҳаллада бир гап чиқса, тамом, бутун оила аъзолари бош кўтариб юролмай қолади. Ҳамманинг қадди синади, юзи шувут бўлади. Қалбларга тушган қоронғиликни-ку, гапирмаса ҳам бўлади.
“Бир йилда бир туғилибди, байрам қилса, қилибди-да”, деб қаршилик кўрсатишмагандир ҳам. Бунга ҳам кўнамиз. Бироқ зиёфатга таклиф этилганларнинг меҳмонга боришга рози бўлишларини қандай баҳолаш мумкин? “Зиёфат эгасининг юзидан ўтолмаган”идан ёхуд карантинда сиқилганларидан “юраклари тос ёрилиб кетган”идан меҳмонга боришгандир. Эртага касаллик юқтириб олинса, юракларни ўша истиҳола ўрнига пушаймонлик, бир пайтлар тор кўринган уйнинг бурчагига зорлик ҳисси эгаллайди.
Гапирса гап кўп. Эътибор берилса, бу воқеалар бир-бирига узвий боғлиқ, гўёки занжир халқаларидек. Агар бири реакция берса, бу қолган бўғинларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Фақат ўша реакцияни бериш зарур. Бунинг учун, аввало, Худодан қўрқиш керак. Шу тупроқнинг тузини ялаб, сувини ичиб, тинч яшаб, мана бундай пайтда унга орқа ўгираётгани учун миллатдан уялиш керак. Одам бўлиш керак... Шу юртни севиш, у ачинса ачиниш, йиғласа йиғлаш, байрамида ҳам, азасида ҳам бирга бўлиш керак. Ўзини мана шу ватаннинг бир қисми эканлигини, унга дахлдорлигини ҳис этиши керак.
Ниҳояни бир мисол билан якунлашни истадим. Буюк Британия Қироличаси Елизавета II бу йил 94 ёшни қаршилайди. Унинг тахтга чиққанига 67 йил тўлди. Ҳар йили унинг туғилган куни шарафига артиллерия салютлари отилади. Қиролича бу йил бундай бўлишини истамади. “Коронавирус бутун халқнинг юрагини эзаётган бир пайтда, туғилган кунни алоҳида тарзда нишонлаш мақсадга мувофиқ эмас”, деди у. Хуллас, халқни беҳурмат қилишни, унинг устидан кулишни истамади қиролича.
Ҳали ҳам эсимизни йиғайлик, ақлдан озмайлик. Хулоса ўзингиздан...
LiveБарчаси