Фуқаролар билан ёқалашган депутат Қобил Дусов партиядан ҳайдалди
Жамият
−
18 Октябрь 2019
24758“Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси, Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати Қобил Дусов партиядан четлатилди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг маълум қилишича, Қобил Дусовнинг партия аъзолигидан чиқиш ҳақидаги мурожаати маълумот учун қабул қилинди.
“Унинг ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтлардаги чиқишларида партия Уставига риоя этмаганлиги, шунингдек партия обрўсига путур етказувчи ахборотларни тарқатгани учун, партия имижини оширишга тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширгани учун, кўп минг сонли партия аъзоларининг Қобил Дусовга нисбатан партиявий чора кўриш ҳақидаги мурожаатларини инобатга олган ҳолда 2019 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтадиган партиянинг навбатдаги Съездида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлигига кўрсатиладиган номзодлар таркибидан чиқарилганлигини маълум қиламиз.
Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати томонидан партия раҳбари номига айтилган асоссиз, шахсий ғараз мақсадларига таянган бўҳтонлар депутатнинг шахсига баҳо бериш учун кенг жамоатчиликка етарли бўлишини инобатга олиб, партия ушбу масалани муҳокама учун мавзу эмас, деб хисоблайди.
Ҳуқуқий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-41 моддаларига мувофиқ, судга мурожаат қилиш учун барча далиллар ва асосларнинг мавжудлигига қарамасдан партия раҳбари ушбу ҳуқуқдан фойдаланмасликни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаганини маълум қиламиз.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши бундан буён ҳам барча даражадаги депутатлардан партиявий интизомга қатъий риоя қилиш, сайловчилар эътирозига сабаб бўлувчи, партия электорати манфаатларига зид келувчи ҳаракатларни амалга оширмасликни ҳамда депутатлик масъулиятини оширишни талаб этади. Амалдаги қонунчиликка асосан, бундай ҳолларда депутатларнинг ваколатларини муддатидан аввал тўхтатиш мумкинлигини маълум қилади”, дейилади партия баёнотида.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ўзининг зиддиятли фикрлари, жумладан аёлларни давлат бошқаришига йўл қўймаслик каби сўзлари билан чиқиш қилиб, кўплаб танқидларга учраган депутат Қобил Дўсов Яшнобод тумани аҳолиси билан ёқалашгани, уларга қўпол муносабатда бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси