“UZAVTOSANOAT” Кушербоевни популизмда айблади
Жамият
−
11 Март 2020
38644Бугун, 11 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва “UZAVTOSANOAT” вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда депутатлар жамоатчиликка қизиқ бўлган саволлар билан корхона вакилларига юзланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маҳаллий аҳолига ва хорижга экспорт қилинаётган машиналардаги сифатнинг фарқи бўйича савол берди.
“Экспортга йўналтирилаётган ва маҳаллий аҳолига сотилаётган автомобилларнинг сифатида фарқ катта. Экспорт вариантдаги машиналар жуда яхши дейишади. Мен ўзим кўрмаганман. Чунки биз фуқаролар экспорт вариантни сотиб олишдан маҳруммиз. Маҳаллий аҳолига сотиладиган машиналар нуқсонлар билан ишлаб чиқарилмоқда. “Сергели” бозорга бориб 400-500 минг сўм сарфлаб, нуқсонларини тўғрилаш талаб этиляпти. Гўёки, бозор маъмурлари билан завод келишиб олгандек. Борсангиз ўзлари қаерда нуқсон бор бир зумда топиб беришади. Янги машинага қўшимча сарф-ҳаражат қиласиз. Уларда ҳаммаси тайёр турибди. Нима учун ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машиналар ҳам экспорт вариантдек нуқсонсиз ишлаб чиқарилмайди?”, дея савол берди Кушербаев.
Ушбу саволга “UZAVTOSANOAT” вакили Руслан Қодиров жавоб берди. Унга кўра, сифат билан ускуналар талаби тушунчаларини фарқлаш талаб этилади. Эскпорт қилинаётган давлат бозорида мазкур талаблари мавжуд. Ўзбекистонда эса бундай талаблар йўқ.
“Масалан, уларда ҳаво оқими совуқ бўлгани сабабли олд ўриндиқларда иситиш тизими ўрнатиш талаби бор. Буни ички бозорга сотилаётган машиналарга ҳам қўйишимиз мумкин. Лекин бу нархларнинг ошишига олиб келади. Яқинда 500 минг сўм тўласангиз қўшимча ускуналар ҳам ўрнатилиб берилиши ҳақида акция эълон қилдик. Бозорга чиқиб уни бирор устага ўрнаттирсангиз бу қимматга тушади. Ўзбекистонда ўтган йили кундузи ишлайдиган чироқлар ўрнатиш талаби киритилди. Шундан кейин биз ҳам бу талабни бажардик, аммо нархга таъсир қилмади. Буни ҳисобга олишимиз керак.
Ишлаб чиқаришда исталган жаҳондаги автокорхоналарда ишлаб чиқаришда нуқсонлар бўлади, буни тан олиш керак. Ишлаб чиқаришда инсон фактори деган тушунчалар бор. Сиз халқ вакилисиз, сизга халқ мендан кўра кўпроқ ишонади. Ҳаммаси нуқсон билан чиқади дейишингиз озгина “популистик” гап бўлиб қолади. Шундай нуқсонлар бўлса, диллерларимизга келиб айтинглар”, дейди Руслан Қодиров.
“UZAVTOSANOAT” вакилига қўшимча қилиб бошқа бир депутат Алишер Қодиров эса машина ишлаб чиқарувчини тўлиқ айбловлар билан таҳқирламаслик кераклигини айтди.
LiveБарчаси