Вячеслав Володин Ўзбекистонда! У Нурдинжон Исмоилов билан учрашди
Жамият
−
16 Сентябрь 2019
5437Россия Федерацияси Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди. Делегация бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашди.
Ўзбекистон-Россия парламентлараро муносабатлари кун тартибидаги қатор масалалар муҳокама қилинган Қонунчилик палатасидаги учрашувнинг мақсади икки мамлкат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборат бўлган.
Мулоқотда қайд этилганидек, Ўзбекистон жаҳоннинг турли мамлакатлари парламентлари билан самарали ва дўстона муносабатларни ўрнатилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Россия Федерацияси Давлат Думаси билан ҳамкорлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятининг стратегик йўналишларидан биридир. Мазкур жараёнда барча даражада, хусусан парламентлар раҳбарларининг ўзаро ташриф ва учрашувларини ташкиллаштириш муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Учрашувда юқори мартабали меҳмонга Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан қисқача маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикасида Россия Федерацияси яқин қўшни, дўст ва ишончли ҳамкор сифатида кўрилади. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар вақт синовидан ўтган мустаҳкам дўстлик асосида ривожланмоқда.
Таъкидланганидек, Россия Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Давлатлар томонидан барча соҳаларда фаол ҳамкорликни амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунда икки давлат раҳбарларининг турли даражадаги учрашувларидаги изчиллик муҳим аҳамият касб этади.
Мулоқот чоғида юқори мартабали меҳмонга мамлакат парламенти, жумладан, Олий Мажлис қуйи палатасининг қонунчилик фаолияти, қонун ижодкорлиги, қўмита ва фракцияларнинг иш услублари, шунингдек, парламентаризм соҳасидаги янгиликлар тўғрисида сўзлаб берилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг кенгайиши, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-коммуникация, маданий-маърифий ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини янада кенгайтириш борасида ҳам фикр алмашилди.
Россия Федерацияси Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин самимий қабул ва суҳбат учун миннатдорлик билдириб, конструктив мулоқотнинг келгусида ҳам изчил давом эттирилишида ўзаро манфаатлилик, икки томонлама муносабатларни ривожланишида парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, бу йўналишдаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим эканини таъкидлади.
Музокаралар якунида Россия Федерацияси Давлат Думаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ўртасида парламентлараро ҳамкорлик ҳақидаги келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Конструктив, ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашув якунида томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш зарурияти мавжудлигини қайд этдилар.
Ўз навбатида, Россия парламентарийларига Ўзбекистон Республикасида навбатдаги парламент сайловларини кузатувчи сифатида иштирок этиш бўйича таклифномалар тақдим қилинди.