Қанақа коррупция? – Ортиқова қамоқдан афв этилганларнинг рўйхати қандай шакллантирилишини очиқлади
Жамият
−
11 Декабрь 2019
8225Сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди. Умумхалқ байрамлари арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаши анъанага айланган. Хўш, афв этилганлар рўйхатини шакллантириш қандай амалга оширилади? Бунда коррупцион ҳолатлар учраганми? Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова билан ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.
“Комиссия аъзолари сафида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоатчилик фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мутахассислар мавжуд. Бу масалада бўйича коррупция бўлиши мумкин эмас.
Сиз шундай жазони ўташ муассасаларига боринг. Уларнинг шароити билан танишинг. Уларнинг кўзини кўринг. Уларнинг сизнинг олдингизда туришини кўринг. Қанақа коррупция?
Лекин Президентнинг олдига мана шу тоифадаги (афвга тавсия этилаётганлар назарда тутилмоқда) ҳужжатларни тақдим қилишда булар билан битталаб танишишим керак. Минбардан туриб бирор инсон билан узоқдан гаплашишни ёқтирмайман. Пастга тушиб, унинг кўзини кўришим керак. Чунки, кўз кўп нарсани айтади. Тўғрими?
Шу сабабли бундай муассасаларга бориб кўришни маъқул кўраман. Маъмурият билан суҳбатлашиш керак. Биргаликда жазони ўтаётган инсонлар билан гаплашиш зарур. Бунинг усуллари (афвга тавсия этилган шахсни ўрганиш усуллари ҳақида айтмоқда) кўп. Барчасини очиқлай олмаймиз. Келажакда комиссия аъзоси бўлинг, барчасини тушунасиз”, дейди Светлана Ортиқова.
Маълумот учун, 2018 йилнинг 8 майида Ўзбекистон Руспубликасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ тасдиқланган. Афв этиш комиссияси фаолиятини мазкур низом асосида олиб боради.
Афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаши органи ҳисобланган Комиссия томонидан амалга оширилади.
Комиссиянинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда «Нуроний» жамғармаси вакиллари киритилади.
Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, шунингдек, бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳам киритилиши мумкин.
LiveБарчаси