Қибрайдаги боғчада норасидаларнинг ҳаққига хиёнат қилинган
Жамият
−
04 Декабрь 2019
6533Қибрай тумани 25-сонли мактабгача таълим муассасасида 180,4 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинганлиги аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Қибрай тумани 25-сонли мактабгача таълим ташкилотида текширув ўтказилган. Текширувда муассаса омборидаги маҳсулотлар саноқдан ўтказилганда, 33 хил турдаги 21,6 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари камомади аниқланган.
Бундан ташқари, 2018-2019 йиллар давомида 4,1 тонна 134,7 млн. сўмлик гўшт ҳамда 7,9 минг литр 24 млн сўмлик сут маҳсулотлари ташкилот тарбияланувчиларга берилмасдан ўзлаштириб юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 19 ноябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментнинг Қибрай тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича туман прокуратурасига юборилган.
Жиноят иши бўйича ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов натижаси хақида қўшимча хабар берилиши таъкидланган.
(Тошкент вилояти МТБ бошлиғининг 27.11.2019 йилдаги буйруғига асосан Қибрай туманидаги 25-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси З.С. эгаллаб турган лавозимдан озод этилган).
LiveБарчаси