Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда қурилаётган стадионга борди
Спорт
−
24 Март 4386 3 дақиқа
Бугун, 24 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган йирик спорт иншооти – замонавий футбол стадионининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу замонавий спорт мажмуасига ўтган йилнинг 11 ноябрь куни давлат раҳбари томонидан тамал тоши қўйилган эди. Айни пайтда ўйингоҳ қурилиши жадал давом этмоқда. Жумладан, ерни текислаш ишлари тўлиқ якунланган. Пойдевор қуйиш ишлари тўқсон беш фоизга бажарилган. Қурилиш жойига металл-конструкция материаллари босқичма-босқич келтирилмоқда.

Кейинги йиллар мамлакат футбол соҳасида туб бурилиш даври бўлган. Жумладан, маҳаллий чемпионатлар тизими ислоҳ қилиниб, болалар ва ўсмирлар академиялари ташкил этилган, ҳудудларда 75 та катта ва 302 та мини стадион фаолият кўрсатмоқда.

Маълумки, 2017 йилда Ўзбекистонда FIFA ва Осиё футбол конфедерацияси талабларига жавоб берадиган майдонларнинг сони атиги 3 та бўлган. Бугун уларнинг сони 10 тадан ошди.

Шунингдек, 1,5 мингта мактабнинг футбол стадионлари таъмирланиб, 1 миллиондан зиёд ўқувчи ва маҳалла ёшлари қамраб олинган. Ёшлар ўртасида маҳалла, туман, вилоят ва республика турнирларини анъанавий ўтказиш йўлга қўйилган.

Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бера бошлаган. Футбол бўйича олимпия терма жамоаси Париждаги олимпиадада илк бор иштирок этди. Тарихда биринчи маротаба миллий терма жамоа жорий йилда бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Ўтган йилнинг 2 октябрь куни FIFA Кенгаши йиғилишида футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027 йилдаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Ушбу жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Жаҳон чемпионатларининг финал ва ярим финал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши FIFA талабларидан бири ҳисобланади.
Мамлакат футболи учун муҳим лойиҳа – Янги Тошкент стадиони шу мақсадда қурилмоқда. Қиймати 100 миллион долларлик ушбу ўйингоҳ қурилиши учун нега айнан Янги Тошкент ҳудуди танланди? Сабаби Янги Тошкент келажакда мамлакатимизнинг янги имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади.

Янги Тошкент стадиони FIFA’нинг барча талабларига мос равишда барпо этилмоқда. Мажмуа Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади.
Мазкур иншоот нафақат 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун, балки бутун ўзбек футболи ва ёшлар спортининг келгуси ривожи учун хизмат қилади.
Давлат раҳбарига қурилиш жараёни ҳақда батафсил маълумот берилган.
55 минг томошабинга мўлжалланган Янги Тошкент стадиони 6 қаватли бўлади, унда нафақат спортчилар, балки ташриф буюрувчилар ва матбуот ходимлари учун ҳам кенг қулайликлар яратилади. Томошабинлар стадионга тез фурсатда кириб-чиқишлари учун ўндан ортиқ эскалатор ўрнатилади. Ҳудудда яна қўшимча 3 та машғулот майдони бўлади. Стадион яқинида метро бекати барпо этилади. 5 минг 500 ўринли автотураргоҳ қурилади.
Президент бундай катта сиғимли ёпиқ стадион мамлакатда илк бор бунёд этилаётгани учун ҳар бир жиҳатга аҳамият бериш зарурлигини таъкидлаган. Стадион атрофини ободонлаштириш ишларини ҳозирдан режалаштириб, босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлиги қайд этилган.
Live
БарчасиЭрон Туркияга тушунтириш берди
31 Март