Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни қўшалоқ байрам билан қутлади

Жамият

image

Айни пайтда Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз байрами муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтмоқда.

Байрам муносабати билан Президент нутқ сўзлаб, ўзбек халқини табриклади.

“Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда муаззам “Янги Ўзбекистон” боғида туриб, сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун халқимизни улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман”, деб бошлади Президент ўз нутқини.

Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг воҳа ва водийлари, шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида катта шоду хуррамлик билан Наврўз сайиллари ўтказилаётганини айтиб ўтган.

“Шарқона янги йилимиз муборак бўлсин! Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ келсин! Қадрли дўстлар!”, деб ўзининг ҳурмати ва эзгу тилакларини изҳор этган давлат раҳбари.

Мирзиёев инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқни рози қилиш – бош мақсад эканини таъкидлаган.

Бу йўлда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда бошлаган катта дастурларни жадал давом эттириш кераклиги айтиб ўтилган.

“Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз.

Шу қутлуғ айёмда сизларнинг ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун қўлимни кўксимга қўйиб, чин юракдан ташаккур билдираман”, дейди Президент.

Шунингдек, давлат раҳбари Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг Осиё кубогини қўлга киритгани ва хоккейчиларнинг ютуқларига тўхталди.

“Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қизғин беллашувларда мустаҳкам ирода ва маҳорат намунасини кўрсатиб, Осиё чемпиони деган юксак шарафли номга сазовор бўлди.

Айни пайтда улар Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдилар.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлари хоккей бўйича ўн саккиз ёш тоифасида барча рақибларни ортда қолдириб, Осиё чемпионлигини қўлга киритдилар.

Мамлакатимиз спорт тарихида илк бор мана шундай катта зафар қозонган ёш хоккейчиларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди”, дейди давлат раҳбари.

Айниқса, хоккей ҳужумчиси Жасурбек Рустамхоновнинг мусобақа давомида ўн тўртта гол уриб, чемпионатнинг ҳақиқий қаҳрамонига айлангани Президент томонидан алоҳида эътироф этилди. 

Шунингдек, ёш шахматчилар, жумладан, Нилуфар Ёқуббоеванинг 100 дан ортиқ хорижий иштирокчилар қатнашган мусобақада фахрли иккинчи ўринни қўлга киритгани Президент эътиборига тушди.

“Шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазони шариф арафасида турибмиз.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, юртимиз мусулмонларини, бутун ислом умматини ана шу табаррук айём билан чин қалбимдан муборакбод этаман”, дея Президент ўзбекистонликларни Рамазон билан ҳам қутлаган. 

Айни вақтда давлат раҳбари Ўзбекистонда эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан табрик йўллади. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга ҳурмат кўрсатиб, бугунги сайил-шодиёнада иштирок этаётган хорижий давлатларнинг элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини чин дилдан қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига самимий салом ва эзгу тилакларини йўллади. 

“Барчангизни, бутун халқимизни Наврўз умумхалқ байрами билан яна бир бор табриклайман. Фасли навбаҳор ҳар бир оила, ҳар бир маҳаллага, элу юртимизга тинчлик ва фаровонлик, бахту саодат олиб келсин! Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин! Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин! Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!”, деб сўзини якунлаган давлат раҳбари.

Жавоҳир Қадамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами Янги Ўзбекистон”боғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг