Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Уммон бизнес форуми очилишида қатнашди

Ўзбекистон

−

image

Бугун, 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Уммон бизнес форумининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбирда Уммон Султонлиги Бош вазири ўринбосари Зеязин бин Ҳайсам Ол Саид, икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, етакчи компаниялар, молия институтлари ва ишбилармон доиралар вакиллари қатнашган.

Давлат раҳбари ўз нутқида Уммон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан ўтказилган олий даражадаги музокаралар ва эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирган.

Жорий йилда ўзаро савдо ҳажми сезиларли ошгани, бироқ мавжуд иқтисодий салоҳият ҳали тўлиқ ишга солинмагани таъкидланган. Шу муносабат билан яқин истиқболда товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб белгилангани қайд этилган.

Ташриф доирасида умумий қиймати 5 миллиард долларлик аниқ лойиҳалар портфели шакллантирилган. Президент энг муҳими келишувлар сони эмас, балки уларнинг амалий натижаси эканини алоҳида таъкидлаган.

Шу мақсадда саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, замонавий шаҳарсозлик ва туризм, минерал ресурсларни ўзлаштириш, шунингдек, молия ва рақамли технологиялар соҳалари ҳамкорликнинг бешта устувор йўналиши сифатида таклиф этилган.

Хусусан, электротехника соҳасида Уммон компаниялари билан кабель ва трансформатор маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўшни мамлакатларга экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилгани қайд этилган.

Транспорт-логистика йўналишида Уммоннинг денгиз портлари ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик имкониятларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилган. Соҳар шаҳрида логистика инфратузилмасини барпо этиш, ягона савдо-логистика платформасини шакллантириш, шунингдек, авиақатновларни кўпайтириш ва юк ташиш рейсларини йўлга қўйиш таклиф этилган.

Уммон инвесторларининг Янги Тошкент лойиҳасидаги иштироки юқори баҳоланган. Янги шаҳарда барпо этиладиган “Масқат” мавзеси икки халқ дўстлигининг ёрқин рамзига айланишига ишонч билдирилган.

Кимё саноати, геология-қидирув ишлари ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилгани таъкидланган.

Молия ва рақамли технологиялар йўналишидаги амалий ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. Жумладан, сунъий йўлдошларни учириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.

Президент Уммонлик ишбилармонларни Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф этиб, ҳар бир инвестор учун қулай ва ишончли муҳит яратиш, қўшма ташаббусларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Ўз навбатида, Уммонда тадбиркорлик ва хорижий инвестициялар учун яратилган кенг имкониятлар юқори баҳоланиб, ўзбекистонлик компаниялар ушбу мамлакат бозорига фаол кириб боришга даъват этилган.

Форум икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий шерикликни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилишига ишонч билдирилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг