Шавкат Мирзиёев туризм соҳаси ходимларини табриклади

Жамият

−

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан мамлакат туризм соҳаси ходимларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари табригида туризм мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган истиқболли тармоққа айланиб бораётганини таъкидлаган.

“Аввало, сиз, азизларни 27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бугунги кунда туризм мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган, минглаб янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган истиқболли тармоққа айланиб бормоқда”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, кейинги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, виза тартибининг соддалаштирилиши, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайтирилиши ҳамда тадбиркорлар учун солиқ ва божхона имтиёзларининг жорий этилиши соҳа ривожига янги туртки берган.

“Бунинг тасдиғини 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан салкам 6 баробар ошиб, қарийб 12 миллион нафарга етгани, туризм хизматлари экспорти 11 карра кўпайиб, 4 миллиард 800 миллион АҚШ долларини ташкил этгани мисолида яққол кўриш мумкин”, дейилади табрикда.

Шунингдек, давлат раҳбари Ўзбекистоннинг халқаро туризм сиёсатидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини қайд этган. Унинг таъкидлашича, мамлакат ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2027 йил Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилинган.

“БМТ Туризм ташкилоти республикамизни дунёдаги энг тез ўсаётган бешта сайёҳлик йўналишидан бирига киритганини таъкидлаш лозим”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент бундай натижалар замирида туризм соҳасида фаолият юритаётган минглаб мутахассисларнинг меҳнати мужассам эканини ҳам таъкидлаган.

“Албатта, бундай ютуқлар замирида юртимиздаги минглаб туроператор ва турагентлар, меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ходимлари, гид ва экскурсоводлар, рестораторлар, транспорт ва сервис компаниялари вакиллари, ҳунармандлар, маданият намояндалари, музей ходимлари, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнати мужассамдир.Фурсатдан фойдаланиб, ушбу йўналишларда сидқидилдан хизмат қилаётган барча соҳа ходимларига самимий миннатдорлик билдираман”, дейди у.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев мамлакатда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича режаларга тўхталган. Хусусан, Хивада халқаро туристик шаҳарча, конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этиш, Ичанқалъани рақамли технологиялар асосида “ақлли” музей-мажмуага айлантириш режалаштирилган

Шунингдек, Самарқандда ноёб экспонатлар жамланган Ипак йўли музейини ташкил этиш, Қорақалпоғистонда археологик ёдгорликлар бўйлаб янги туристик йўналишларни очиш, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида “Ғилон”, Наманган вилоятининг Поп туманида эса “Арашан” каби янги мажмуаларни барпо этиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ягона миллий туризм платформасини ишга тушириш ва сайёҳлик хизматларини ягона тизимга интеграция қилиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилган.

“Сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш ҳам устувор вазифа бўлиб қолади.Гастрономик, экологик, зиёрат, тиббиёт, тоғ ва саргузашт, ишбилармонлик, этно ва қишлоқ туризми каби юқори қўшилган қиймат яратадиган йўналишларни жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз”, дейди Президент.

Унинг қайд этишича, бу вазифаларни амалга ошириш орқали 2030 йилга бориб хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш, хизматлар экспортини 8 миллиард доллардан ошириш ва юқори тоифадаги меҳмонхоналар сонини икки карра кўпайтириш мақсад қилинган.

“Бундай улкан марраларни эгаллашда, аввало, ўз ҳаётини туризм соҳаси билан боғлаган, юртимизни, унинг қадимий тарихи ва маданиятини дунёга тарғиб этишни ўзининг профессионал бурчи деб биладиган сизлар каби ташаббускор ва ташкилотчи инсонларга таянамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев

Давлат раҳбари соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бундан буён ҳам эътибор марказида бўлишини билдирган.

“Ҳеч шубҳасиз, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимларнинг фидокорона меҳнатини муносиб рағбатлантириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими” фахрий унвонини таъсис этсак, ўйлайманки, бу таклифни барчангиз қўллаб-қувватлайсиз”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев табригини туризм соҳаси ходимларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, шарафли фаолиятида омад ва зафарлар тилаш билан якунлаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг