Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди
Жамият
−
06 Июнь 2020
6295Бугун, 6 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига амалий сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Давлат раҳбари Фарғонага икки кунлик сафари давомида Қўштепа туманидаги “Турсунов Юсуфжон ери” фермер хўжалигида бўлди. Шундан сўнг, Президент Тошлоқ туманидаги “Уз-Сеганг” қўшма корхонасида иш жараёни билан танишди.
Шавкат Мирзиёев Фарғона туманида ҳам бўлиб, лойиҳа қиймати 15 миллион доллар бўлган “Экокерама” МЧЖ фаолиятини кўздан кечирди. Президент ташрифининг биринчи кунини Марғилондаги Ҳунармандлар марказини бориб кўриш билан якунлади.
Бугун эса Фарғонада вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказди. Йиғилишда давлат раҳбари Сўхдаги можароларга муносабат билдирди.
Бундан ташқари, йиғилишда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди. Унга кўра, йил охиригача 43 минг оилани камбағалликдан олиб чиқиш белгиланди.
Ташрифи сўнгида давлат раҳбари Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон-Корея халқаро университетида бўлиб, университет ректори ва кореялик ўқитувчилар билан суҳбатлашди.