Пандемия шароитида мана шундай корхоналар ишга туширилади деб ҳеч ким ишонмаганди – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Шавкат Мирзиёев кеча, 5 июнь куни амалий ташриф билан Фарғона вилоятига келди.

Президент Шавкат Мирзиёев Марғилондаги Ҳунармандлар марказини бориб кўрди.

Маълумотларга кўра, яқинда бу ерда моҳир уста Иброҳимжон Султонов ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик асосида Ҳунармандлар маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди. 600 нафар уста фаолият бошлаб, 200 ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Улар томонидан 2 мингга яқин хотин-қиз, ёшлар ишга жалб этилди.

"Менинг энг катта ислоҳотим - ҳар бир оиланинг нури бўлган оналарни, хотин-қизларни рози қилиш. Сизларнинг кўзингиздаги ишончни, умидни кўриб бахтиёр инсонман. Аёлларни қанча рози қилсак, Яратган бизга куч-қудрат, юртимизга тинчлик-осойишталик беради. Бутун дунё пандемия оқибатида катта қийинчиликка учраяпти. Ҳеч ким ишонмаганди, шу шароитда мана шундай корхоналар ишга тушира оламиз деб. Бу - Фарғонадаги ўзгаришларнинг бошланиши, қалдирғочи. Худо хоҳласа, натижаларимиз бундан ҳам юқори бўлади", деди Шавкат Мирзиёев.

Икки қаватли марказнинг қўйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ўрин олган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади.

Бинонинг юқори қаватида гилам цехи жойлашган. Бу ерда барча маҳсулотлар тўлиқ қўл меҳнати ёрдамида, 100 фоиз тоза ипакдан тўқилади.

Ҳунарманд Иброҳимжон Султоновнинг “Исмоилжон гиламлари” корхонаси маҳсулотлари бутун дунёга машҳур. Ҳунармандлар марказида ҳам маҳсулотларнинг сифати юқори. Асл ипакка табиий бўёқлардан гул чизиб мато тўқилади. Шу боис бу маҳсулотларга ҳозирдан харидор тайёр. Гиламлар асосан Туркияга, атлас, адрас матолар АҚШ, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинади.

Ҳозир чеварларга 3,5 миллион сўмгача маош берилади. Марказ 600 ишчига мўлжалланган, хотин-қизларнинг қолгани касаначилик асосида уйда ўтириб меҳнат қилади.

Марғилон - Фарғона водийсининг туристик манзилларидан бири. Ҳунармандлар маркази ушбу шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Осори атиқалар билан танишган сайёҳлар бу ерга келиб атлас, адрас тўқиш жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлади, ҳам ўзи хоҳлаган маҳсулотни харид қилади, шу ердаги чевархонада ўз дидига мос либос тиктириб кийиб кетаверади. Марказ биносида банк шохобчаси фаолият кўрсатади, фотогалерея ташкил этилган.

Шу ерда вилоятда ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Давлат раҳбари тармоқ корхоналарига ер ажратиб, иш ўринларини кўпайтириш, одамларга ҳозирги қийин шароитда иқтисодий ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади.

Президент Фарғона вилоятида қамбағал аҳоли билан ишлаш тизими бўйича амалга ошириладиган ишлар билан ҳам танишди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг