Шавкат Мирзиёев Синдоровни телефон орқали табриклади
Спорт
−
15 Апрель 3605 2 дақиқа
Бугун, 15 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари ёш гроссмейстерни Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи марта мазкур нуфузли мусобақада зафар қозониб, том маънодаги тарихий ғалабага эришгани билан самимий табриклаган.
Суҳбатда Жавоҳир Синдоров ушбу турнирда илгари ҳеч ким ета олмаган юксак маррани забт этгани, 14 та ўйинда 6 маротаба ғалаба қозонгани спорт оламида камдан кам учрайдиган ноёб ҳодиса экани алоҳида таъкидланган.
Давлат раҳбари ёш гроссмейстер дунёнинг энг донгдор шахматчиларига қарши ҳар бир баҳсда катта жасорат ва маҳорат билан дона суриб, кучли ирода, юксак интеллектуал салоҳият ва қатъият фазилатларини намоён этганини қайд этган.
Президент энди Жавоҳир Синдоров олдида жаҳон тожи учун ҳал қилувчи ва шарафли беллашув турганини қайд этиб, бўлажак ўйинларда унга янада улкан омад, куч-ғайрат ва янги зафарлар тилаган.
Суҳбатда жорий йил Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Жавоҳир Синдоровнинг иштироки, шубҳасиз, жамоамизга катта руҳ ва ишонч бағишлаши қайд этилган.
Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг ота-онаси, яқинлари, устоз ва мураббийларини ҳам ушбу тарихий ғалаба билан чин юракдан табриклаган.
Жавоҳир Синдоров юксак эътибор, самимий қутлов ва билдирилган ишонч учун Президентга чуқур миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдоров шахмат бўйича Жаҳон кубоги ғолиби бўлганда ҳам телефон орқали сўзлашиб, уни тарихий ғалаба билан табриклаганди.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель