Шавкат Мирзиёев Самарқандда 2,4 млрд долларлик лойиҳаларга старт берди
Жамият
−
18 Март 5302 4 дақиқа
Бугун, 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ҳудудда йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишини бошлашга бағишланган маросимда иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тадбир доирасида вилоятда озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва фармацевтика, қурилиш материаллари, металл ва мебел саноати соҳаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилган. Давлат раҳбари ҳудуднинг замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, илғор техника ва технологиялари, саноат маҳсулотлари билан танишган.
Самарқанд вилояти мамлакат иқтисодиётида стратегик ўринга эга ҳудуд сифатида барқарор ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда бу ерда саноат ҳажми изчил ўсиб, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити маҳаллий ҳамда хорижий сармояларни кенг жалб этишга мустаҳкам замин яратган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг сони йилдан йилга ортиб бораётгани бу борадаги ижобий динамикани яққол тасдиқлайди.
Маросимда шаҳар ва туманларда қарийб 7 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 106 та янги лойиҳа ишга тушириш ва қурилишга тайёр экани ҳақида ахборот берилган. Тадбирга видеоалоқа орқали янги қурилаётган ва ишга туширилаётган лойиҳаларнинг масъуллари ҳам уланган.
Ушбу лойиҳалар вилоят иқтисодиётининг турли тармоқларини қамраб олган. Жумладан, тоғ-кон саноати ва геология, қурилиш материаллари, автосаноат, кимё саноати, электротехника, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги қувватларни ишга тушириш ҳамда истиқболли объектлар қурилишини бошлаш назарда тутилган.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳалар ижрочилари, маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари билан суҳбатлашди, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаган. Бу каби лойиҳалар Самарқанд вилоятининг саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация қилиш ва ҳудудда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим омил бўлиши таъкидланган.
Шундан сўнг давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, Самарқанд вилоятидаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш ва янгиларининг қурилишини бошлаб берган. Жумладан, Австрия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Ҳиндистон ва Россия билан ҳамкорликда 2 миллиард 400 миллион долларлик 53 та лойиҳа ишга тушган.
Шунингдек, Нидерландия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия ва Эрон билан ҳамкорликда 4 миллиард 600 миллион долларлик 53 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланган.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 18 мингта янги иш ўрни яратиш, 13 триллион сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 700 миллион долларлик экспорт салоҳиятини таъминлаш имконияти пайдо бўлади. Бу эса вилоят саноатини диверсификация қилиш, замонавий ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш ва экспорт географиясини янада оширишга хизмат қилади.
Шу ернинг ўзида Президентга Нарпай туманида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар тақдимот қилинган.
Нарпай туманидаги 8 та насос станция ДХШ асосида хусусий секторга берилган. Ўтган даврда 21 та насос агрегатлари 12,3 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳисобига янгилангани натижасида йиллик энергия истеъмоли 68,1 миллион киловатт-соатдан 34,1 миллион киловатт-соатгача камайтиришга эришилган.
Умуман, Самарқанд вилоятининг сув хўжалигига янги илмий ёндашувлар жорий қилинмоқда. Бу борада илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимига илмий маслаҳатчи бириктирилмоқда. Шунингдек, соҳада дуал таълим йўлга қўйилиб, 72 нафар талабанинг сув хўжалиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, гидротехника ва гидроэнергетика, кадастр ва экология йўналишларида 6 ойлик узлуксиз амалиёти йўлга қўйилади.
Давлат раҳбари бу ишларни изчил ва тизимли давом эттириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Ўзбекистонга олиб келинган янги “Hyundai Rotem” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездида Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига борган эди. Шунингдек, Президент Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти учун олиб келинган замонавий электробуслар ва қувватлаш станцияси фаолияти билан танишганди.
Live
БарчасиШавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити ва Наврўз байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш зарурлигини билдирди
18 Март
Туроператорларга жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун 5 минг долларгача субсидия берилади
18 Март