Шавкат Мирзиёев Покистон армияси Олий Бош қўмондони билан учрашди
Жамият
−
05 Февраль 1755 2 дақиқа
Бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрига боргач, “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюриб, Мудофаа кучлари Олий Бош қўмондони – Қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари муҳокама қилинган.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, бугунги кунда хавфсизликка таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Икки мамлакатнинг етакчи мудофаа саноати корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларини фаоллаштириш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш дастурларини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма ўқув тадбирларини ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.

Транспорт ва логистика соҳасида истиқболли инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалалари ҳам кун тартибида бўлган.
Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилган.

Ўзбекистон Президенти учрашув якунида “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компаниясининг ишланмалари, жумладан, Покистоннинг замонавий ҳарбий техникаси ва қурол-яроғ намуналари билан танишган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Покистон Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари ҳамроҳлида ушбу мамлакатга боргани ҳақида хабар берилган эди. “Нурхон” аэропортида Ўзбекистон раҳбарини Покистон Президенти Асиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.
Live
БарчасиЭнди Саудияда туяларнинг ҳам паспорти бўлади
05 Февраль