Шавкат Мирзиёев Олимпиада совриндорлари ва уларнинг ота-оналари билан учрашди
Жамият
−
13 Август 2021
12191Бугун, 13 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Токио Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, барчани Олимпиададаги ғалаба билан табриклади.
“Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Олимпия ўйинларида қўлга киритган улкан, том маънода тарихий ғалабаси билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, барчамиз дунёдаги энг нуфузли ана шу мусобақаларда Ўзбекистон вакилларининг ҳар бир чиқишини “ойнаи жаҳон” орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб бордик.
Ўз навбатида, мард ва жасур спортчиларимиз ҳам бундай юксак ишончни оқлаб, халқимизга ёрқин ғалабаларни тортиқ этдилар.
Ҳеч шубҳасиз, бу Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик шонли байрамига муносиб совға бўлди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Олимпиадада ўзбек спортчилари юксак шоҳсупаларга кўтарилиб, 3 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритганини ёдга олиб, Олимпия ўйинларида ер юзининг энг зўр, манаман деган спорт усталари иштирок этишини таъкидлади.
“Сизлар дунё тан олган спортчилар билан мардона олишиб, уларнинг ўзини ҳам, улар эришган натижаларни ҳам ортда қолдириб, 3 та Олимпия рекордини янгилаб, жаҳон спортида ҳам ёрқин саҳифа очдингиз.
Мамлакатимиз жамоаси 200 дан зиёд давлатдан келган энг кучли спортчилар орасида умумжамоа ҳисобида – ўттиз иккинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида – иккинчи, Марказий Осиёда эса – биринчи ўринни эгаллади. Бу чиндан ҳам ўзбек спорти тарихидаги улкан натижадир”, дейди давлат раҳбари.