Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди
Жамият
−
17:00 1011 2 дақиқа
Бугун, 18 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташрифни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, зиёрат чоғида Қуръон оятлари ўқилиб, дуолар қилинган.
Ташриф давомида давлат раҳбарига мажмуадан самарали фойдаланиш ва унинг туристик салоҳиятини янада ошириш, Имом Бухорийнинг бой илмий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш орқали ислом маърифати ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берилган.

Президент бу ишларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлаган.
“Бу улуғ зот бизга бутун илмларини, билимларини мерос қилиб қолдирганлар. Биз шу илмларни давом эттирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.
Мен ўзим ҳам ҳар сафар улуғ бобомизни зиёрат қилганимда, халқимиз ҳаётига барака берсин, бири икки бўлсин деб дуо қиламан.
Биз улуғларимиз меросини асраш ва тарғиб қилиш йўлида ҳали кўп ишлар қиламиз. Бутун дунёдан одамлар Ўзбекистонга келиб, Ислом цивилизацияси марказини, Имом Бухорий мажмуасини кўриши, зиёрат қилиши учун шароит яратамиз”, деган давлат раҳбари.
Президент ташаббуси билан янгидан бунёд этилган мажмуа ислом оламининг муқаддас қадамжоларидан бири сифатида маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар билан гавжум. Комплекс аввал бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир бу рақам 65 мингдан ортиқни ташкил этади.

Мажмуа таркибидаги 10 минг кишилик масжид, улкан мақбара, ҳар бирининг баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора ва мовий гумбазлар иншоотга ўзгача улуғворлик бахш этади. Илғор ахборот технологиялари асосида ташкил этилган инновацион музейда ислом дини тарихи, пайғамбарлар ҳаёти ва Имом Бухорийнинг муҳаддислик фаолияти кенг ёритилган, нодир экспонатлар намойиш этилмоқда.

Маълум бўлишича, айни пайтда мажмуада зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит ва халқаро стандартларга мос хизматлар йўлга қўйилган. Зиёратгоҳ ҳудудида 20 дан ортиқ замонавий меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда.
Live
Барчаси