Шавкат Мирзиёев Бакуда Илҳом Алиев билан учрашди
Жамият
−
18 Май 799 2 дақиқа
Бугун, 18 май куни Баку шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон етакчисини Бутунжаҳон урбанизация форумининг муваффақиятли ташкил этилгани билан самимий табриклаган.
Аввалги олий даражадаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Товар айирбошлашнинг ижобий суръати қайд этилган. Йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 40 фоиздан зиёдга ошган.
Қурилиш, тоғ-кон саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳаларни жадаллаштириш ҳамда биргаликдаги инвестицияларни, шу жумладан, Қўшма инвестиция компанияси маблағларини жалб этган ҳолда янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.
Етакчилар транспортга оид ташаббусларни амалга ошириш ва халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида иштирок этиб бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сургани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси