Ўзбекистон раҳбарияти Бахтиёр Назаров вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Кеча, 18 январь куни таниқли адабиётшунос олим, ўзбек адабий танқидчилигининг етакчи намояндаларидан бири, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Бахтиёр Назаров 77 ёшида вафот этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди. 

Бахтиёр Назаров 1945 йил 17 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1966 йили Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, меҳнат фаолиятини мактаб ўқитувчилигидан бошлади, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти) аспирантурасида таълим олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг 55 йиллик илмий педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон энциклопедияси таҳририяти муҳаррири, Фанлар академияси президенти маслаҳатчиси, бош илмий ходими, Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти кичик, катта илмий ходими, бўлим мудири, илмий котиби, директори, Фанлар академияси ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими илмий котиби, бош илмий котиб ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди.

Ўзбек адабий танқидчилигининг илмий асосларини яратиш бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб бориб, соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди. Хусусан, унинг раҳбарлигида 10 нафар фан доктори ва 20 дан зиёд фан номзодлари тайёрланган.

Бахтиёр Назаровнинг ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараёнга оид илмий ишлари, дарсликлари, ўнлаб монография ва рисолалари, 200 дан ортиқ илмий мақолалари замонавий ўзбек адабиётининг бадиий савиясини баҳолашда ўзига хос ўрин тутади.

Академик Бахтиёр Назаровнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвонига сазовор бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг