Шатдаун сабабли АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами музлатилди

Олам

image

АҚШ ҳукумати фаолиятининг 1 октябрдан бошлаб вақтинча тўхташи туфайли Украинага кўрсатиладиган ҳарбий ёрдамни муҳокама қилиш жараёни ҳам тўхтатилди. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.

Маълум қилинишича, гап фақат қурол етказиб бериш ҳақида эмас, балки келажакдаги ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида ҳам кетмоқда. 

Федерал хизматчилар вақтинча маошсиз таътилга юборилгани сабабли вазият ноаниқ бўлиб қолган. 

Манбалардан бирининг айтишича, барча келажакдаги лойиҳалар зарар кўрган, Уруш вазирлиги, Давлат департаменти ва Оқ уй вакиллари учрашувлар ўтказа олмаётгани туфайли вақт бой берилмоқда. Шу сабабли яқин ҳафталарда АҚШга бориши керак бўлган бир неча украиналик делегациялар режаларини ўзгартиришга мажбур бўлган. 

Сентябрь ойида АҚШ НАТО маблағлари ҳисобидан Украинага 500 миллион доллар қийматидаги янги ёрдам пакетини тасдиқлаган эди. Бу Дональд Трамп ҳокимиятга қайтгандан кейинги илк йирик ёрдам пакети ҳисобланади. Ёзда НАТО ва АҚШ Украина учун Priority Ukraine Requirements List (PURL) дастурини йўлга қўйган бўлиб, бу орқали Украина мунтазам равишда ёрдам олиши керак эди. Ҳозирда икки катта битим бўйича музокаралар кетмоқда: бири Украинага қурол етказиб бериш, иккинчиси эса АҚШнинг Украинадан жангларда синовдан ўтган дрон технологияларини сотиб олиши ҳақида. 

Украина Patriot тизимлари, HIMARS, ATACMS ракеталари ва кўп мақсадли қирувчи самолётларни сотиб олишни хоҳламоқда. Россия эса бундай ёрдамни кескин қоралаб келмоқда. Владимир Путин Ғарб давлатларининг бу ҳаракатларини можарода бевосита иштирок сифатида баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Украинага Россия ҳудудининг чуқур қисмига зарбалар бериш учун зарур бўлган разведка маълумотларини тақдим этиши ҳақида хабар берилганди. Президент Дональд Трамп АҚШ разведка хизматлари ва Пентагонга Киевга бу йўналишда ёрдам беришга рухсат берган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Украина ATACMS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг