Шахматда 60 соатлик Гиннес рекорди ўрнатилди
Бу қизиқ
−
22 Апрель
6813Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган шахмат тарихининг энг узун марафонида янги Гиннес рекорди ўрнатилди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Ўтган ҳафтада Нью-Йоркнинг Тimes майдонида шахмат мусобақаси бўлиб ўтди. Унда нигериялик 29 ёшли Тунде Онакоя 60 соат давомида шахмат ўйнаб, дунё рекордини янгилади. Унга шу вақт давомида америкалик шахмат чемпиони Шон Мартинес рақиблик қилди.
18 апрель куни кечқурун, ўйиннинг дастлабки 24 соати ўтгандан сўнг, Онакоя ҳали ўйинни узоқ давом эттириши мумкинлигини билдирди.
"Менинг энергиям ҳозир 100 фоиз. Чунки халқим мени мусиқа билан қўллаб-қувватламоқда", дейди у.
Ушбу ўйиндаги сўнгги юриш 20 апрель куни 12:40 да амалга оширилди. Ўйинчилар бу 2 ярим кун давомида кўп миқдорда сув ичди ва Ғарбий Африканинг гуручдан тайёрланадиган миллий таомини истеъмол қилди. Шунингдек, ҳар соатда ўйин учун атиги беш дақиқалик танаффус билан қатъий жадвалга риоя қилинди.
Онакоя ушбу рекордни ўрнатишидан мақсад Африкадаги болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш бўлганини билдирди (У 2018 йилдан буён Африкада шахмат ўйинини тарғиб қилиб келмоқда). Ўйиннинг дастлабки 20 соати ичида 22 минг доллар йиғилди. Рекордчи 1 миллион доллар йиғишга умид қилмоқда. Уни қўллаб-қувватлаганлар орасида таниқли шахслар ва амалдорлар, жумладан Нигериянинг собиқ вице-президенти Йеми Осинбажо ҳам бор.
Маълумот учун, бундан аввалги шахмат рекорди 2018 йилда норвегияликлар Ҳаллвард Флатебо ва Сюр Феркингстад томонидан ўрнатилганди. Улар нақ 56 соат 9 дақиқа 37 сония давомида дона сурган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дания фуқароси Петер фон Танген бурнига 68 та гугурт чўпи солиб, жаҳон рекордини ўрнатганди.
LiveБарчаси