Шахмат Олимпиадаси байроғи Ўзбекистонга топширилди
Спорт
−
23 Сентябрь
8298Венгрияда ўтказилган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг ёпилиш маросимида мусобақа байроғи Ўзбекистонга топширилди.
Анъанавий тарзда тақдирлаш маросими якунлангач турнир байроғи 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси мезбонларига берилди. Навбатдаги шахмат Олимпиадаси 2026 йилда Тошкентда ўтказилади. Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари Алишер Саъдуллаев FIDE президенти Аркадий Дворковичдан мусобақа байроғини қабул қилиб олди.
Ўз навбатида, Саъдуллаев турнир байроғини Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Нодирбек Абдусатторовга топширди.
Қайд этиш жоиз, бунгача Ўзбекистон блиц ва рапид бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. Баҳслар Самарқанд шаҳрида ўтказилган. Энди эса мамлакат пойтахти Тошкент жамоавий таснифда шахмат бўйича энг нуфузли турнирни ўзида қабул қилади.