Шакардан воз кечилса, организмда қандай ўзгаришлар юз беради?

Саломатлик

image

Шакар – организм учун энергия манбаи бўлишига қарамай, уни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш саломатликка жиддий зарар етказади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, шакарнинг кунлик меъёрини 25-30 грамдан оширмаслик, хусусан еяётган ширинлик ва бошқа озуқа маҳсулотлар таркибидаги шакар миқдорини ҳам ҳисобга олган ҳолда уни истеъмол қилиш лозим. Хўш, нега шакар истеъмол қилишни камайтириш керак, у кам истеъмол қилинган тақдирда организмда қандай ўзгаришлар юз беради? Ушбу саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати жавоб берди.

Бу маҳсулотнинг саломатликка зиён етказувчи хусусиятлари қуйида келтирилган:          

1. Ортиқча вазн ва семизлик

Шакар калорияга бой, лекин унда озуқа моддалари кам. У кўп истеъмол қилинганда керакли энергиядан зиёд калория ҳосил қилади. Бу эса вақт ўтиши билан ортиқча вазн, қандли диабет, юрак-қон томир ва бошқа жиддий хасталикларга сабаб бўлиши мумкин.

2. Қонда қанд миқдорининг ортиши

Ушбу маҳсулотни кўп истеъмол қилиш қонда қанд миқдорини оширади. Оқибатда организмда инсулин гормони фаол ишлаб чиқарилади. Агар қонда шакар даражаси тез-тез ва кескин ўзгариб турса, инсулинга нисбатан сезувчанлик камайиб, 2-тур диабет ривожланиш хавфи ортади.

3. Юрак-қон томир тизимига таъсири

Шакар меъёрдан зиёд истеъмол қилинганда триглицеридлар даражаси ошади. Бу ҳолат атеросклероз, юрак хуружлари ва инсульт хавфини пайдо қилиши мумкин.

4. Тишлар саломатлиги

Шакар – кариес ва бошқа тиш касалликларининг энг асосий сабабларидан бири. У оғиздаги бактериялар томонидан ферментация қилиниши туфайли кислоталар ҳосил бўлади. Улар эса тишлар эмалининг емирилишига олиб келади.

5. Тери саломатлигига таъсири

Ортиқча шакар истеъмоли терида турли муаммоларни пайдо қилади. Бу, асосан, унинг қондаги инсулин даражасини ошириши ва организмда яллиғланиш жараёнларини кучайтириши билан боғлиқ.

6. Руҳий саломатлик

Ушбу маҳсулот тананинг энергия даражасини кескин ўзгартириб юборади. Шакар истеъмол қилинганидан сўнг пайдо бўлган энергия кўтарилиши кейинчалик кескин тушиб кетади. Оқибатда одамда чарчоқ, кайфиятнинг ўзгариши ва стресс даражасининг ошиши кузатилади.

Шу боис унинг истеъмолини назорат қилиш жуда муҳим. Балансланган парҳез ва шакар миқдорини камайтириш орқали нафақат саломатликни яхшилаш, балки энергия даражасини ҳам сақлаш мумкин.

Агар шакар истеъмоли чекланса, биринчи кунданоқ, овқат ҳазм қилиш ва ичак фаолияти яхшиланади. Асаб тизими барқарорлашади. Бир ҳафтадан сўнг терининг ҳолати тиниқлашади, уйқу билан боғлиқ муаммолар аста-секин ортда қолади. Қонда қанд миқдори меъёрлашиб, метаболизм яхшиланади. Хотиранинг жамлаш хусусияти кучаяди. Агар шу вақт ичида тана шакар талаб қилса, турли мевалар, асал истеъмол қилиш мумкин.

Шакардан воз кечилгандан бир ой ўтиб, тана ортиқча вазндан халос бўлади. Унга тобелик сезиларли даражада камаяди. Организмда гормонлар миқдори барқарорлашиб, иммунитет яхшиланади. Танада яллиғланишлар пасайиб, ҳуснбузарлар йўқолади. Юқори қон босими меъёрлашади.

Бир йилдан кейин эса қандли диабет, алцгеймер касаллиги, семириш, юрак етишмовчилиги, хотира ва нутқ бузилиши ҳамда ўлим хавфи сезиларли даражада камаяди. Инсон ўрганиб қолиш ҳиссидан буткул халос бўлиб, таркибида шакар бўлган ҳар қандай егуликлар ўз-ўзидан рад этилади. Бир кўришда юқоридаги чекловлар қийин бўлиб, кўриниши мумкин. Аммо саломатлик ва узоқ умр кўриш учун синаб кўришга арзийди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шакар соғлиқ организм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг