Шаҳзода Гарри Афғонистонда қанча “Толибон” аскарларини ўлдирганини айтди

Олам

image

Британия шаҳзодаси Гарри ўз хотиралари битилган мемуар асарда Афғонистондаги жангларда 25 кишини ўлдиргани ҳақида ёзган ва уларни “шахмат доналари”га қиёслаган. Бу ҳақда кеча, 5 январь куни “The Telegraph” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Шаҳзода Гарри Афғонистондаги ҳарбий миссияларда иштирок этган ва жанговар ҳаракатлар вақтида инсон ўлимига сабаб бўлган.

Гарри Афғонистонда ўтган даври ҳақида ёзар экан, унинг “Apache” номли ҳарбий вертолётига ўрнатилган видеокамера ҳар бир миссияни тўлиқ ёзиб олганини ва ўзи ҳарбий базага қайтганидан сўнг ҳар бир жанг видеосини қайта кўрганини тасвирлаган.

У ўз қурбонларини “яхшиларни йўқ қилишга улгурмаган ёмонлар”, сифатида кўргани ҳақида ёзган.

“Бирор кишини ўлдириш мумкин эмас, агар сиз уларни шахс сифатида кўрсангиз, армия мени ўзгача фикрлашга ўргата олди. Мен биринчи кунданоқ ўз олдимга, “мен тўғри иш қилаётганимга шубҳа қилмайман”, деган мақсадни қўйганман, мен яқин атрофдаги тинч аҳолига эмас, фақат ва фақат Толибон аскарларига ўқ узганман. Мен бор вужудим билан Буюк Британияга қайтишни хоҳлаганман, лекин мен уйга тоза виждон билан кетишни кўпроқ хоҳлардим”, дейди у.

Унинг сўзларига кўра, одатда аскарлар уруш вақтида қанча душманни ўлдирганликларини билишмайди, лекин “Apache” вертолётига ўрнатилган камера орқали у қанча душман жангчиларини ўлдиргани ҳақида аниқ айта олади.

“Менинг кўрсаткичим 25. Бу рақам билан мен фахрланмайман, лекин бундан уялмайман ҳам”, деган у.

Гарри телевизор орқали 2001 йилнинг 11 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги терактларни кўрганини унутмаслигини таъкидлади. Шаҳзода кейинроқ АҚШга борган вақтида 11 сентябрь воқеаларида қурбон бўлган инсонларнинг оила аъзолари билан учрашганини ҳам қўшимча қилган.

Шаҳзода ўз битикларида, ҳужумлар учун масъул бўлганлар ва уларга хайрихоҳларни “инсоният душманлари”, деб таърифлаган ва уларга қарши кураш инсоният тарихидаги энг даҳшатли жиноятлардан бири учун “ўч олиш ҳаракати”, эканини айтган.
Гарри ўз виждони тоза эканини ҳар қанча таъкидламасин, уни ўйлантирадиган ҳолат ҳақида ҳам айтган. Бу шаҳзода амалга оширолмаган иш бўлиб, у Толибонларнинг ўқлари остида қолган биродарларига ёрдам беролмаган.

Шунингдек, у ҳарбий бюрократиядан ҳам шикоят қилиб, 30 га яқин толибонлар юк машинасини портлатиб юборган вақтида душманга қарата ўт очишга рухсат берилмаганига, гувоҳ бўлгани ҳақида ёзган.

Британия ОАВга кўра, Бу 38 ёшли Гаррининг ҳарбий хизмат вақтида шахсан ўзи ўлдирган толибонлар сонини илк марта муҳокама қилиши бўлиб, бу унинг шахсий хавфсизлигига оид хавотирларни кучайтириши мумкин. Сабаби Гарри узоқ вақтдан бери нафақат қироллик оиласидаги мақоми туфайли, балки Афғонистонга икки марта сафарбар этилгани учун ҳам  исломий террорчи ташкилотлар нишони ҳисобланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шаҳзода Гарри муаллифлигидаги эсдаликлар битилган 416 саҳифали китоб тақдимоти жорий йилнинг 10 январь кунига режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Маълумот ўрнида, Шаҳзода Гарри 1984 йилнинг 15 сентябрь куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида туғилган. У Британиянинг собиқ қироличаси Елизаветта II нинг набираси, амалдаги Қирол Чарльз III нинг кичик ўғли.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Буюк Британия Шаҳзода Гарри

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг