ШҲТ Исроилнинг Доҳага зарбасини қоралади
Олам
−
13 Сентябрь 3343 2 дақиқа
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Исроилнинг Қатар ҳудудига берган зарбасини БМТ низомининг қўпол бузилиши деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни ташкилот тегишли баёнотни эълон қилди.
“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2025 йил 9 сентябрь куни Исроилнинг Қатар пойтахти Доҳа шаҳрининг тураржой ҳудудларига уюштирган ҳаво ҳужумлари муносабати билан чуқур хавотирини билдиради ҳамда Қатар давлати суверенитетининг бузилишини қоралайди. Бу ҳаракатлар қабул қилиб бўлмайдиган бўлиб, БМТ Низомини, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг асосий нормалари ва тамойилларини қўпол равишда бузади”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти “халқаро муносабатларда куч ишлатиш ва куч ишлатиш таҳдидига доимий равишда қарши чиқишини, Яқин Шарқда вазиятни сиёсий-дипломатик йўллар билан юмшатишни қўллаб-қувватлашини” алоҳида қайд этган.
“ШҲТга аъзо давлатлар БМТ Низоми va ШҲТ Хартияси мақсадлари va тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда, ҳар қандай ноқонуний ҳаракатларни қабул қилиб бўлмас деб билади ва халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашга ўзининг ўзгармас садоқатини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 сентябрь куни Исроил Доҳада ҲАМАС раҳбарияти вакиллари жойлашган биноларга зарба берганди. Ҳужумдан сўнг ҳаракатнинг барча юқори мартабали раҳбарлари омон қолган, бироқ олти киши, жумладан, ҲАМАСнинг бош музокарачиси Ҳалил ал-Хайянинг ўғли ҳалок бўлган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳужумни кескин қоралади. Маълум қилинишича, Исроилнинг Доҳага берган зарбаси муносабати билан эртага, 14 сентябрь куни Қатарда араб va ислом мамлакатлари иштирокида фавқулодда саммит бўлиб ўтади.
Қайд этиш жоиз, ушбу ҳужумдан сўнг дастлаб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб, баёнот билан чиқди. Кеча, 12 сентябрь куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилиб, Доҳага ҳужумни кескин қоралади.
Live
Барчаси