Ўзбекистон ва Ғарб ораси энди бир қадам. АҚШдан сўнг Европадаги триумф

Таҳлил

2005 йилдан 2016 йилга қадар бўлган 10 йилликда ўз қобиғига ўралган, ташқи дунёдан анча узилган ва кўплаб сиёсий доиралар томонидан унчалик хушланмай келган Ўзбекистон 2025 йилнинг 24 октябрини ўзи ва дунё ҳамжамияти учун тарихга қадаб қўйди. Ўзбекистон расман жаҳон саҳнасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва ҳоказо яна ўнлаб соҳалардаги ўрнини мустаҳкамлади. Ўзбекистон қайтди. 

Албатта, расмий Тошкент анча йиллар олдин дунёга очилиш, бозор иқтисодиётига жадал ўтиш, баъзи демократик ислоҳотларни амалга ошириш ва шу орқали жаҳон саҳнасига қайтишни бошлаганди. Аммо жорий йилнинг 24 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга қилган тарихий ташрифида имзоланган тарихий ҳужжат бу қайтишни ва катта ютуқни расмийлаштирди. 2019 йилдан бошланган ҳаракатлар 6 йил деганда ўз якунига етиб, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида "Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик" битими имзоланди. 

Бу шунчаки оддий битим эмас. Бу ҳужжат ЕИ билан жуда кўплаб соҳаларда яқиндан муносабат ўрнатиш, доимий сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш, иқтисодий, савдо, инвестиция, энергетика, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқ устуворлиги ва таълим соҳаларида ҳамкорликни тубдан кенгайтиради. Бугун шу тарихий битим ва бунгача олиб борилган саъй-ҳаракатлар, унгача эришилган ютуқлар ҳақида батафсил юритилади. 

Дастлаб АҚШ, энди Европа – серияли ғалабалар силсиласи

Сўнгги бир ой ичида Ўзбекистон сиёсий майдонда кетма-кет йирик юришларни амалга оширди. АҚШ билан имзоланган 105 миллиард долларлик савдо битими пулга ҳаддан зиёд ўч бўлган, фақат иқтисодий рақамлар билан ҳисоблашадиган Трампнинг эътиборини жалб қилди. АҚШ Президенти Ўзбекистонни халқаро майдондаги вазнини ҳис қилди. Орадан кўп ўтмай, 23 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Европа Иттифоқининг юраги бўлган Брюссел шаҳрига жўнаб кетди. Унга рафиқаси биринчи хоним Зироатхон Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. Брюсселдаги халқаро аеропортда давлат раҳбарини Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. 24 октябрь эса Ўзбекистон учун катта тарихий аҳамиятга эга ҳужжат имзоланди. Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Битимни Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Европа Иттифоқидан эса Еврокомиссия вице-президенти Кая Каллас имзолади. 

Бу 1996 йилги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг янги авлод версияси ҳисобланади. Энди эса ўша эски ҳужжатга асосланган ҳолда, юритиб келинган Ўзбекистон – Европа ҳамкорлигининг ҳуқуқий базасини янгилайди ҳамда сезиларли даражада кенгайтиради. Янги имкониятлар тақдим этилади. Бу битим лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланиб, 2022 йил июль ойида якунланганди. 2022 йил 6 июль куни у Брюссель шаҳрида парафирланган. Яъни бундай муҳим шартномаларни имзолаш икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда томонлар келишувга эришишгани ва уни расман қабул қилишга тайёр эканига ишора қилувчи имзони чекишади. Бу жараён эса парафирлаш деб номаланади. Шундай экан, 3 йил олдин аллақачон "биз расман имзо чекишга тайёрмиз" дея келишиб олинган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга энди расман асосий имзолар қўйилди. Энди эса навбат ратификацияга етиб келди. Шундан сўнг, Ўзбекистон ЕИ билан нақд 30 га яқин соҳада чуқур ва изчил ҳамкорликка старт беради.

Битим 9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат. У икки томонлама муносабатларнинг деярли барча соҳаларини қамраб олади ҳамда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо ва инвеститсиялар, барқарор ривожланиш, фан ва таълим, инновациялар ва юқори технологиялар, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, барча ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг қамровли ҳуқуқий асосни шакллантиради. Битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва ЕИ муносабатларида янги босқични бошлаб берди ва томонлар ўртасидаги алоқалар расман стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Олдин ҳам улар деярли стратегик шерик эди

Ўзбекистон сўнгги йиллардаги ўзининг фаол дипломатияси ва очиқ иқтисодий сиёсати билан Европа Иттифоқи учун ўта муҳим шерикка айланди. Европа "минтақа дарвозаси" мақомига эга бўлган Ўзбекистонни "Марказий Осиёнинг юраги" сифатида ҳам кўра бошлади. Жорий йил апрель ойида Самарқандда ўтган биринчи Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити мазкур яқин алоқалар мустаҳкамланди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа Иттифоқи Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта биргаликда қатнашиб, 12 миллиард евролик "Global Gateway" инвеститсия дастурини эълон қилди. Бу нафақат иқтисодий битим, балки Европа ва Марказий Осиёнинг ўзаро ишонч ва манфаатларга асосланган янги стратегик алоқалар даврини бошлаб берди.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида сўнгги йилларда савдо ва инвестиция алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. 2017–2024 йилларда Ўзбекистоннинг ЕИ билан товар айирбошлаш ҳажми деярли 2 ярим бараварга ошиб, салкам 6 ярим миллиард долларга етди. 9 йил олдин бу рақамлар аранг 3 миллиардни ташкил этарди. Мазкур товар айирбошлаш ҳажми ичида Ўзбекистоннинг экспорт улуши 1,7 млрд долларга, импорти эса тахминан 4,7 млрд долларга етди. Импорт, асосан, Германия, Франция ва бошқа ЕИ мамлакатларидан амалга оширилган бўлиб, улардан турли техника, жиҳозлар ҳамда доривор ва бошқа кимёвий маҳсулотлар олиб келинган.  2024 йилда Ўзбекистоннинг ЕИ давлатларидан олган тўғридан тўғри инвеститсиялари ва кредитлари ҳажми 4,1 млрд долларни ташкил этди. Бу эса бир йил ичида мазкур кўрсаткич 77% га ўсганини билдиради. Ҳозирда Ўзбекистонда 1000 дан ортиқ Европа капитали иштирокидаги қўшма корхоналар фаолият кўрсатиб, умумий инвеститсия лойиҳалари эса расмий манбаларда 30-40 млрд евро атрофида экани айтилади.

Бундан ташқари, 2021 йилда ЕИ томонидан Ўзбекистон GSP + переференция тизимига қабул қилингани туфайли 6200 дан зиёд товар тури бўйича божхона имтиёзларини қўлга киритди. Маълумот учун, GSP + преференция тизими бу – Европа Иттифоқининг савдо имтиёзлари дастури бўлиб, ривожланаётган давлатларга ЕИ бозорига товарларни божхона тўловларисиз ёки имтиёзли шароитларда экспорт қилиш имконини беради. Ўша имкониятдан фойдаланиш натижасида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига экспорт қиладиган маҳсулотлар ҳажми анча ошди. Шу тариқа, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ўсиб, юқорида қайд этилган 2 хонали фоизлардаги ўсиш ва миллиардлаб доллар товар айирбошлаш даражасига етиб келинди.

Аммо бу ҳаммаси эмас. Европа Иттифоқи ташқи инвестиция дастури – "Global Gateway" – Ўзбекистонда ҳам бир қатор лойиҳаларни молиялаштирмоқда. 2021–2027 йиллардаги ҳамкорлик доирасида Европа Иттифоқи Ўзбекистон учун умумий 119 миллион евро грант маблағи ажратган. Бу молиявий дастури бўлиб, унда белгиланган мақсадлар 2021–2027 йиллар оралиғида амалга оширилади. Транспорт соҳасида ҳам "Global Gateway" инвестициялари муҳим роль ўйнайди. Самарқандда ўтган Европа Иттифоқи–Марказий Осиё саммитида транспорт ва логистика инфратузилмаси учун 10 миллиард евролик халқаро инвестиция пакети йўналтирилиши маълум қилинганди. Бу маблағларнинг асосий қисми Хитойнинг Циан шахридан бошланиб Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Каспий, Озарбайжон Грузия, Туркия, Қора денгиз орқали Европага кириб борадиган Транскаспий йўлагини яхшилашга кетади. Европа Иттифоқи Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа минтақа давлатлари билан биргаликда Транскаспий транспорт йўли ва денгиз ташувларини мустаҳкамлаш устида ишламоқда.

Кенгайтирилган ҳамкорлик Ўзбекистонга нима беради?

Европа Иттифоқининг Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битими Иттифоққа аъзо бўлмаган давлатлар билан тузиладиган янги авлод ҳамкорлик ҳужжати ҳисобланади. Ўзбекистон ўша эски версияни 1996 йилда имзонланганди. Энди эса унинг замонавий ва кенгайтирилган шаклини келишишга эришди. Бугунги кунгача бу ҳужжатни 2020 йилда Қозоғистон, 2024 йилда Қирғизистон ЕИ билан имзолаб бўлганди. Жорий йилда эса узоқ йиллик олиб борилган музокаралардан сўнг, ниҳоят Ўзбекистон ҳам  расман Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимига қўшилди. Айни дамда Қирғизистонда ратифакация жараёни давом этмоқда, Ўзбекистонда эса бу энди бошланади. Мазкур ҳужжат ратификация қилингач, томонлар учун мажбурий ҳуқуқий кучга эга бўлади. Масалан, унда белгиланган мажбуриятлар дейлик, эркин савдога йўл очиш, миллий қонунчиликни ушбу ҳужжатга мослаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби талаблар бажарилиши керак. Бир сўз билан айтганда ЕИ билан жуда яқин ҳамкорлик сиёсати айнан шу битим асосида юритилади. 

Қозоғистон ва Ўзбекистонда бу ҳужжатдан кўзланган мақсад ва манфаатлар турлича. Қозоғистон кенгайтирилган шерикли ва ҳамкорлик моделидан ЕИ билан энергетика ва транспорт соҳасида кучли алоқаларни йўлга қўйиш учун фойдаланади. Ўзбекистон эса ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар, савдо ва рақамли трансформация йўналишига асосланган жараённи жадаллаштиришни мақсад қилгани айтилади.

Аммо Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар, хусусан, Тожикистон мазкур ҳужжатни имзолаш ишларини ҳали якунламади. Туркманистон бўлса, ўтган асрдаги шериклик ва ҳамкорлик шартномасида қолиб кетган. Шундай қилиб, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида 24 октябрь куни имзоланган ҳужжат томонлар ўртасидаги алоқаларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқди. Европа ва Тошкент ўртасида ўтмишда узоқлашиб кетган масофани қисқартирди. Европа ва Ўзбекистон сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодиёт, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва турли секторлар бўйича ҳамкорлик каби асосий йўналишларда бирга ишлайдиган бўлди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, EPCA "Европа Иттифоқи билан муносабатларнинг тарихий босқичи" бўлиб, мамлакат эришган катта сиёсий, иқтисодий ва институционал ўзгаришларни акс эттиради. Битимнинг қабул қилиниши билан икки томон ўзаро ишонч асосида кенгайтирилган савдо режимини жорий қилиши кутилмоқда, сармоялар ва бозорлар билан интеграйия мустаҳкамланади. Европа ишбилармонлари Марказий Осиёда ўсиб бораётган бозор билан боғланиш имконига эга бўлди. Масалан, эндиликда бу битим Ўзбекистонга ЕИ бозорига киришнинг янги имтиёзлари ва аввал мавжуд бўлган GSP+ режими асосида мавжуд шерикликни янада қўллаб-қувватлаш билан маҳсулотлар экспортига қулайлик яратади. Умуман олганда,  EPCA имзоланиши ўзаро муносабатларни тубдан кенгайтириб, сиёсий ва иқтисодий кўприкни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Виза ва бизнес ҳақида нима гаплар?

24 октябрь куни Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини имзолаш маросими алоҳида воқелик бўлди. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Европа Коммисcияси раҳбари Урсула Фон дер Ляен ва Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта билан ҳам алоҳида учрашув ўтказди. Унда жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтган "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммити якунида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали Ўзбекистон – Европа ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилгани айтилди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқи билан виза тартибларини соддалаштириш масаласини муҳокама қилди. Бу эса ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш доирасини қамраб олиши маълум қилинди. Хўш, ишбилармонлик тушунарли, аммо гуманитар мақсадлардаги виза тартиби нима дегани? Маълумот учун, томонлар ўртасида фуқароларнинг ўз қариндошларини, яқинларни кўриш учун сафарлар, талабалар, олимлар, маданият вакилларининг алмашинуви, инсонпарварлик ёрдами пайтидаги кўмак, маданий, спорт, диний тадбирларда иштирок этиш учун имкониятларни кенгайтиришни ўз ичига олади. Аммо бу ерда ҳозирча меҳнат бозори ҳақида гап кетмаяпти. 

Шунингдек, Европанинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашувда энергетика, кимё, муҳим минераллар, логистика, тўқимачилик ва фарматсевтика тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард евродан зиёд бўлган янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Бу Европа компаниялари иштирокидаги умумий қиймати 40 миллиард евродан зиёд бўлган ҳозирги лойиҳалар портфелига салмоқли қўшимча бўлиб, унинг қийматини энди 50 миллиардгача оширди. Шу тариқа, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон бугун ўз тарихидаги энг юқори даражага чиққан ҳамкорликка старт берди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ ТИВ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Европа Иттифоқи Виза Бахтиёр Саидов Марказий Осиё ЕИ бизнес Брюссел Антониу Кошта Шериклик Урсула Фон дер Ляен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг