Сеутага бостириб киришга уринишда ҳалок бўлганлар сони ошди

Олам

image

Марокашдан Испаниянинг Шимолий Африкадаги Сеута анклавига оммавий равишда ўтишга уриниш оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 72 нафарга етди. Бу ҳақда Испания расмийлари маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Шимолий Африка соҳилларидан яна 5 кишининг жасади топилган. Испания томони келтирган қурбонлар сони Марокаш расмийлари эълон қилган рақамдан анча юқори.

Аввалоқ, ўтган ҳафта 30 июль куни бошланган мисли кўрилмаган мигрантлар оқими давомида 50 мингдан ортиқ киши қуруқлик ва денгиз орқали Европа Иттифоқининг Африка билан ягона икки қуруқлик чегарасидан бири ҳисобланган Сеутага киргани хабар қилинганди. Испания ҳукумати маълумотига кўра, уларнинг 48 мингдан ортиғи 48 соат ичида Марокашга қайтарилган, дам олиш кунлари эса яна бошқа мигрантлар ортга қайтган.

Сеутадаги Испания ҳукумати вакили Мигель Анхель Переснинг айтишича, ҳалок бўлганлардан ташқари яна мингдан зиёд киши тиббий ёрдам олган. Унинг сўзларига кўра, анклавдаги вазият анча барқарорлашган бўлса-да, ҳали ҳам одатий ҳаётни тўлиқ тиклаш учун ишлар давом этмоқда.

Расмийларнинг билдиришича, айрим мигрантлар чўкиб кетган, бошқалари эса қирғоқ тўсиқлари ва чегара деворидан ошиб ўтишга уринган вақтда эзилиб ҳалок бўлган. Кўпчилик иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган ёлғон маълумотлар таъсирида йўлга чиққан.

Марокаш Ички ишлар вазирлиги эса ҳозиргача 11 нафар инсон ҳалок бўлганини, уларнинг аксарияти Испания ҳудудига ўтишга уринганида чўкиб кетганини маълум қилган. Вазирлик қолган қурбонлар ҳақидаги хабарларни текшираётганини билдирган.

Марокаш расмийлари оммавий ўтишларга ижтимоий тармоқлардаги дезинформация, одам савдоси тармоқлари ҳамда Испания судининг денгизда ушланган мигрантларни дарҳол қайтаришни тақиқловчи қарори нотўғри талқин қилингани сабаб бўлганини таъкидлаган.

Ҳодисадан сўнг Сеутада полиция ва ҳарбий патруллар кучайтирилган. Денгиз соҳилида 500 метрлик сузувчи тўсиқ ўрнатилган. Шунингдек, Европа Иттифоқининг 22 давлати ташқи чегараларни муҳофаза қилиш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўришга чақирган. Италия эса Испания билан Шенген ҳудудидаги паспортсиз ҳаракатланиш тартибини бир ойга тўхтатган.

Маълумот учун, Сеута ва Мелилья – Африканинг шимолий қирғоғида жойлашган ва Европадан Гибралтар бўғози орқали ажралиб турган Испаниянинг икки автоном шаҳридир. Бу икки шаҳарда Европа Иттифоқининг Африка билан ягона қуруқликдаги чегараси ўтади.

Сеута мигрантлар оқими сабабли бундай инқирозга биринчи марта дуч келаётгани йўқ. 2021 йилда, ҳокимият баҳолашига кўра, шаҳарга ноқонуний равишда 10 мингдан ортиқ киши кириб борган. Бироқ бу ҳозиргидан бир неча баравар кам.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг