Кореядаги ўзбекистонликлар учун Сеул-Тошкент рейслари жадвали эълон қилинди
Жамият
−
03 Март 2020
10230Ташқи ишлар вазирлиги Корея Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига махсус маълумот билан чиқди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси ўз веб-сайтида 2020 йил март ойида Сеулдан Тошкентга учадиган авиарейслар жадвалини эълон қилди:
2020 йил 8 март куни – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси;
2020 йил 15 март куни – Корея Республикаси авиакомпанияси;
2020 йил 22 март куни – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси;
2020 йил 29 март куни – Корея Республикаси авиакомпанияси.
Билдирилишича, Тошкентга қайтгач йўловчилар пойтахтдан ташқаридаги махсус тайёрланган жойда 14 кун давомида карантинда бўладилар. Тегишли текширувдан ўтганидан кейин яшаш жойига қайтиш учун рухсат берилади.
Авиачипталар ҳарид қилиш масалалари бўйича +82 2 754-1041 (KORUZBEK AGENCY) телефон рақамига мурожаат қилиш мумкин.
“Элчихона Ўзбекистон фуқароларига саросимага тушмасдан, ватанга қайтишнинг мақсадга мувофиқлигини яна бир бор жиддий ўйлаб кўришни тавсия қилади. Чунки Корея Республикаси Ҳукумати тиббиёт соҳасида илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда ва касаллик аниқланган тақдирда чет эл фуқароларига бепул малакали тиббий хизмат кўрсатилишини кафолатлайди.
Шу муносабат билан Жанубий Корея расмий идораларининг вирус тарқалишига қарши курашиш бўйича талабларига қатъий амал қилиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, ижтимоий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўриш зарур”, дейилади ТИВ маълумотида.
Эслатиб ўтамиз, 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳаво қатновига чекловлар киритди. Эндиликда рейслар сони ҳафтасига биттага қисқартирилган. Жанубий Кореядан келганлар 14 кун давомида карантинга олинади. Шундан сўнг, ушбу мамлакатдаги ўзбекистонликлар визаси муддати тугагани туфайли Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлиб қолаётгани, лекин авиарейслар бекор қилингани туфайли иложсиз аҳволда қолаётгани тўғрисида мурожаат қилишганди.
Шуни инобатга олиб, Жанубий Кореядаги ўзбекистонликларнинг визалари автоматик тарзда 2020 йил 30 апрелга қадар узайтирилганди.