Ўзбекистон Жанубий Корея билан авиаалоқани тўхтатади
Жамият
−
29 Февраль 2020
7306Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК Жанубий Кореяда коронавирус авж олгани сабабли ва Ўзбекистон ҳудудида вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Сеулга бўлган қатновларни вақтинча тўхтатиб туради. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
“HY-514 рейс билан 29-феврал куни Сеулдан учадиган йўловчилар келишлари билан вақтинчалик турар жойга жўнатилади. Шу муносабат билан уларни Тошкент аэропортида кутиб олмаслигингизни сўраймиз.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда авиакомпаниянинг барча рейсларида юқори хавфсизлик чоралари жорий этилгани, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтувчи шахслар санитария-карантин тадбирлари ва тиббий-санитария назоратларидан ўтказилаётганлиги ҳақида қўшимча маълумот бермоқдамиз”, дейилади авиакомпания хабарида.
Йўловчиларнинг вақтинча жойлаштириш пунктида туришлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош қароргоҳига 71 276 49 66 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways аввалароқ коронавирус сабаб Саудия Арабистонининг Жидда ва Мадина шаҳарларига парвозларни тўхтатганди.
LiveБарчаси