Сеул Россиядаги КХДР аскарларини “ёлланма тўп еми” деб атади

Олам

image

Жанубий Корея Мудофаа вазири Ким Ён Хён Россияда эканлиги тахмин қилинаётган шимолий кореялик аскарларни “ёлланма тўп еми” деб атади. Бу ҳақда бугун, 24 октябрь куни “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди.

У Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни ўз армиясини “ноқонуний босқинчилик уруши” учун сотганликда айблаган.

"Қўшинлар чет элга жўнатилганда, одатда, ўз давлатининг қўмондонлик занжирига бўйсунади ва ўз ҳарбий кийимида ва байроғи остида ғурур билан иш олиб боради. Аммо Шимолий Корея аскарлари ўзларини рус кийимида яшириб, Россия қўмондонлиги остида ҳеч қандай оператив ваколатга эга бўлмаган ҳолда ҳаракат қиляпти”, деган вазир.

Ўз навбатида, Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Чо Тэ-Юль мамлакат расмийлари Шимолий Корея ҳарбий хизматчиларининг Россия Федерациясига жўнатилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдиришнинг ҳар қандай вариантини кўриб чиқаётганини айтган.

“Биз барча вариантларни кўриб чиқяпмиз. Бу Россиянинг қандай муносабатда бўлиши, Шимолий Корея бунинг эвазига нима олиши ва КХДР Москвани қай даражада қўллаб-қувватлашига боғлиқ”, деган Чо Тэ-Юль.

Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, КХДР аллақачон Россияга 3000 аскар юборган. Улар Россиядаги ҳарбий базаларда бўлиб, у ерда гўёки Украинага қарши урушга жўнатишга тайёрланмоқда. АҚШ маъмурияти, шунингдек, Шимолий Корея аскарлари Россияда эканлиги ҳақида ишончли маълумотларга эга эканлигини маълум қилган. Айни пайтда АҚШ Вакиллар палатасининг Разведка қўмитаси раҳбари Майк Тернер КХДР ҳарбийларини Россияга юбориш эҳтимолига жавобан Оқ уйни “тўғридан-тўғри ҳарбий чоралар” кўриш имкониятини кўриб чиқишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шимолий Корея аскарларининг Украинага қарши урушда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида Россиянинг Сеулдаги элчиси Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди. Жанубий Корея дипломатик департаменти раҳбарининг ўринбосари Ким Хонг Кьюн Россиянинг Сеулдаги элчиси Георгий Зиновьевга яқинда Шимолий Корея аскарларининг Россияга жўнатилганидан чуқур хавотирда эканлиги ва Шимолий Корея ҳарбийларини Россиядан зудлик билан олиб чиқиб кетилишини талаб қилган.

Ким, шунингдек, Шимолий Кореянинг Украинадаги уруш учун қурол ва аскар етказиб бериши нафақат Жанубий Корея, балки жаҳон ҳамжамиятига жиддий таҳдид эканини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, бундай ҳаракатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари ва жаҳон ташкилоти низомига зиддир.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия КХДР Сеул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг