Президент Бош вазир ўринбосарлари ва ҳокимларга хизматлар бўйича топшириқ берди

Жамият

2222

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишда таъкидланишича, хизмат кўрсатиш соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири ҳисобланади. Мамлакатда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меҳнат ташкилоти таҳлилларига кўра, сервис индустриясининг 1 фоизга ўсиши камбағаллар сонини 1,5 фоизга қисқартиради.

Аммо ҳозирда бу соҳа салоҳиятидан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Жойларда маиший ускуналарни таъмирлаш устахоналари, кимёвий тозалаш шохобчалари, компьютер дизайнерлиги, бухгалтерия, реклама, пуллик тиббий хизмат каби тадбиркорлик субъектлари камлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу хизмат кўрсатиш соҳасида иш ўринлари яратиш бўйича жуда катта имкониятлар борлигидан далолат беради. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур йўналишда камида 160 минг қўшимча иш ўрни яратиш мумкин.

Масалан, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида ахборот технологиялари соҳасида йилига 50 минг доллар экспорт қиладиган ва Top Talent рейтингининг энг юқори 3 фоизига кирадиган 21 та ёш фрилансер дастурчи бор.

Шавкат Мирзиёев шундай иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг замонавий хизматларни ўрганишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Бош вазир ўринбосарига ҳокимлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар кесимида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шу билан бирга, тармоқни тартибга солиш, ундаги методология ва статистика маълумотларини халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилди.

Соҳани ривожлантириш молиявий кўмаксиз бўлмайди. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ёки 1 триллион сўмдан зиёд кредит ресурслари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу маблағлар ҳам давлат, ҳам хусусий банклар орқали ажратилади ва кредит ставкаси 15 фоиздан ошмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

хизмат кўрсатиш

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг