Сергелидаги ёнғин божхона омборида бўлгани айтилди
Жамият
−
28 Сентябрь 2023
10557Бугун, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги божхона омборида ёнғин бўлди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Унинг билдиришича, “Inter logistiсs” МЧЖга қарашли омборда содир бўлган ёнғин ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Муҳокамаларда ёнғин объекти божхона иншооти сифатида талқин қилинмоқда.
“Таъкидлаш жоизки, мазкур омборнинг маълум бир қисми божхона омбори мақомига эга”, дейди Ҳусан Тангриев.
Тангриевга кўра, божхона омбори тадбиркорлик субъектларининг лицензияланадиган фаолият турига киради.
“Бунда омбор эгаси – тадбиркорлик субъекти бошқа тадбиркорларнинг Ўзбекистонга олиб келинган товарларини, содда қилиб айтганда, ҳали “растаможка” қилинмаган товарларни ўзаро келишув асосида божхона расмийлаштируви якунлангунига қадар сақлаб туради”, деган у.
Билдирилишича, дунё амалиётида бу каби омборлар божхона омбори деб юритилади. Ҳозирда Ўзбекистонда тегишли лицензияга эга 400 га яқин божхона омборлари фаолият юритмоқда.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, божхона омборлари, хусусан ёнғин содир бўлган омбор ҳам божхона органларининг бино ва иншоотлари сирасига кирмаслигини эслатиб ўтамиз”, дейди Божхона қўмитаси матбуот котиби.