Сергели метросига дастлабки рельсларни ўрнатиш бошланди

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкент метрополитенининг Сергели метро линияси сентябрь ойигача битказилиши бўйича топшириқ берилган эди. Ҳозирда ушбу линия қурилишининг якуний ишлари кетаётгани айтилди. Хусусан, дастлабки рельсларни ўрнатиш ишлари бошланган. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти маълум қилди.

Қайд этилишича, белгиланган лойиҳага асосан Сергели йўналишининг умумий узунлиги 6,94 километр бўлиб, "Чош-тепа", "Тошкент ҳалқа йўли", "Сергели", "Афросиёб", "Қипчоқ" ва "Чинор" бекатларидан иборат. Қурилиш-монтаж жараёнларининг кенг кўламда олиб борилишини таъминлаш мақсадида зарур бўлган 60 та замонавий техника ва механизмлардан унумли фойдаланилмоқда. Объект қурилишида 700 дан ортиқ мутахассислар 2 сменада иш билан банд.

Ўтган вақт давомида барча 6 та бекатнинг 5 таси ва уларнинг оралиғидаги таянч устунлар учун пойдевор қуйиш ишлари Германия технологияси асосида бурғилаш услубида юқори сифатда амалга оширилиб, эстакада таянч устунлари тўлиқ ўрнатиб чиқилди. Уларнинг орасига 26 метрлик балкалар сифатли ва мустаҳкам монтаж қилинмоқда. Шунингдек, бекатларга эскалатор ўрнатиш учун пойдевор, ғишт териш, ташқи фасадни мармар билан қоплаш, электр ёритиш учун симлар ётқизиш ишлари ҳам якунига етмоқда. Йўловчи платформа тўсинларининг монтаж ишлари ҳамда металл конструкцияларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Таъкидланишича, Тошкент метрополитени Сергели линиясининг "Чош-тепа" бекати Чилонзор йўналишидаги "Олмазор" ер ости бекати билан боғланади. Белгиланган лойиҳанинг ушбу мураккаб ечимини амалга оширишда қурувчи темирйўлчилар "Чилонзор" электродепоси ҳудудида чап ва ўнг таянч деворларини ўрнатиш бўйича 21 550 м3 ҳажмдаги ер ишларини якунига етказишди. Айни пайтга қадар бу ерда дастлабки рельслар ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. "Тошкент ҳалқа йўли" бекатидан "Сергели" бекатига қадар қарийб 600 метрга яқин рельслар ётқизилди. Ушбу йўналишнинг туннель қисми Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги "Олмазор" ер ости бекатига уланди ва туннелни қайта кўмиш ишлари якунланиб, асфальт қопламаси тикланди.

Ундан кейин эса "Тошкент ҳалқа йўли" бекати келади. Бу ерда ҳам таянч устунларга ҳамда эскалатор ўрнатиш учун пойдеворлар, ғишт териш, ташқи фасадни мармар билан қоплаш, электр ёритиш учун симлар ётқизиш ишлари якунланиб, ҳозирги кунда бекатнинг ички безак ишлари сўнгги босқичда амалга оширилмоқда. Бекат томининг металл конструкцияларини ўрнатиш ишлари якунланди. Лойиҳа бўйича жами 34 та металл ферма ўрнатилди. Бекатнинг платформа қисмини бетонлаш ишлари ҳам тўлиқ якунланиб, ички пардозлаш ишлари давом этмоқда. Перронларга мармар плиталар ётқизилмоқда. "Сергели" бекатида эса пойдевор қуйиш учун қазиш, ғишт териш ва эскалатор пойдеворини қуйиш ишлари тўлиқ якунланган. Бекат металл томининг 770,6 м2 қисмини ўрнатиш ишлари тамомланди. Ҳозирги кунда бекатнинг ички ва ташқи деворларини пардозлаш ишлари учун тайёр холга келтирилган.

"Афросиёб" ва "Қипчоқ" бекатларида бино пойдеворларини қазиш ва бетон қуйиш, бекатларда ташқи ва ички оралиқ деворларига ғишт териш ишлари якунланиб, сувоқ ишлари 100 фоиз тугатилди. Бундан ташқари "Афросиёб" бекатининг платформа қисмига 100 фоиз оралиқ темир-бетон балкалари ўрнатилди. Сергели линиясининг лойиҳа сметаси ҳужжатларида кўрсатилган жами 1 минг 686 дона темир-бетон балканинг 64,4 фоизи ёки 1 минг 86 донаси, 254 дона таянч устун ригелининг 86,6 фоизи ёки 220 донаси ўрнатилиб, 265 дона таянч устунларининг 83,0 фоизи ёки 220 донаси (опора) ҳамда 580 метр туннель қисмида қурилиш ишлари якунланди.

2019 йилнинг апрель ойида "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ва Россиянинг "Метровагонмаш" акциядорлик жамияти ўртасида Тошкент шаҳридаги ер усти метрополитени учун ҳаракатланувчи ҳар бири 4 вагондан иборат 5 та метро поездини (жами 20 та вагон) харид қилиш бўйича имзоланган шартномага кўра бугунги кунга қадар "Метровагонмаш" акциядорлик жамиятида мазкур поездлар тайёрланиб, Тошкентга келтирилди. Келгусида Тошкент метрополитени учун яна 10 та поезд харид қилиниши кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергели метро

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар