Сербия Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштиряпти

Жамият

image

Ўзбекистонда Сербия элчихонаси очилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Сербия Республикасининг Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий сиёсат вазири Милица Стаменковски Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов билан учрашувда маълум қилди.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Сербия ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида Ҳукуматлараро битимни имзолаш масаласи бўйича келишувга эришилган.

Шунингдек, Сербия томони мамлакатда ўтказиладиган EXPO 2027 халқаро кўргазмаси объектлари қурилишига ўзбекистонлик малакали мутахассисларни жалб қилишдан манфаатдор эканини билдирган. Бу йўналишда кадрларни олдиндан тайёрлаш ва муносиб меҳнат шароитларига эга иш ўринларига йўналтириш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, Сербиянинг Ўзбекистонда элчихона очиши режалаштирилаётгани маълум қилинган. Бу Ўзбекистонликлар учун ҳозирда Остона шаҳри орқали амалга оширилаётган виза расмийлаштириш жараёнларини анча соддалаштириши кутилмоқда.

Музокаралар Сербия Миллий бандлик хизмати директори Милан Боснич билан давом эттирилган. Томонлар Ҳукуматлараро битим ратификация қилингач, икки идора ўртасида меҳнат миграцияси ва ишчи кучи мобиллиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Баённомани имзолашга келишиб олган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Сербияда бўлган эди. Музокаралар якунлари бўйича давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Бундан ташқари, устувор йўналишларда эришилган келишувларни мустаҳкамлаган салмоқли ҳужжатлар тўплами алмашилди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчисига Сербиянинг олий давлат мукофоти – Катта занжирли Сербия Республикаси орденини тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Белград кўчаларидан бирига “Тошкент” номи берилди. Ишбилармонлик дастури доирасида икки давлат раҳбарлари қўшма бизнес форумида иштирок этди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг