Сентябрь ойида ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутяпти?
Бу қизиқ
−
17:21 2822 2 дақиқа
Жорий йилнинг сентябрь ойида об-ҳавонинг нисбатан қуруқ ва бироз илиқ бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет эълон қилган об-ҳаво прогнози маълумотида келтирилган.
Унга кўра, ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳаво асосан кам булутли бўлиб, қулай ҳарорат фонида қуруқ об-ҳаво кузатилиши кутилмоқда.
Кечаси ва эрта тонгда ҳарорат 15–20 даража бўлиб, ёқимли салқинлик сезилади. Кундуз кунлари эса қуёш нурлари таъсирида ҳаво 30–35 даражагача, айрим кунларда 37 даражагача исиши мумкин.
Республиканинг жанубий ҳудудларида энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати 38–40 даражагача кўтарилиши эҳтимоли мавжуд.
Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида нисбатан барқарор ҳарорат фони шаклланиши кутилмоқда. Бу даврда ҳаво ҳарорати кечалари асосан 10–15 даража, кундуз кунлари эса 25–30 даража бўлиши прогноз қилинмоқда.
Шу билан бирга, айрим қисқа муддатларда ҳаво ҳароратининг ҳам юқорилаш, ҳам пасайиш томонга ўзгариб туриши эҳтимолдан холи эмас.
Ойнинг айрим кунларида, яъни ой давомида 1–3 кун бироз жадалликдаги ёмғирлар ёғиши мумкин. Республиканинг жанубий ҳудудларида сентябрь ойида ёмғир ёғиш эҳтимоли жуда кам.
Республика ҳудудининг катта қисмида ойлик ёғингарчилик миқдорининг меъёрдан кам бўлиши, Фарғона водийсининг айрим жойларида меъёр атрофида кузатилиши, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса ёғингарчилик миқдорининг меъёрдан кўп ёки меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда эртага, 28 август куни ҳаво асосан бироз булутли бўлиши, ёғингарчилик кутилмаслиги, айрим ҳудудларда шамол кучайиб, чанг-тўзонлар кузатилиши ва ҳарорат 32–40 даражагача кўтарилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.