Сенатда мигрантларга алоқадор қонун кўрилади
Жамият
−
07 Сентябрь 2022
8136Олий Мажлис Сенатининг 32-ялпи мажлиси жорий йилнинг 13 сентябрь куни чақирилади. Бу ҳақда юқори палата Кенгашининг бугун, 7 сентябрь куни ўтган мажлисида қарор қабул қилинди.
Қайд этилишича, навбатдаги ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Хусусан, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари тўғрисидаги масалани кўриб чиқадилар.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда бир қатор қонунлар муҳокама қилинади. “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил I ярим йиллиги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод туманининг ҳамда Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилади.
Шунингдек, сенаторлар Боёвут, Қарши, Олот, Бўстон ва Тўрақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини ўрганиш натижаларини муҳокама қилади.
Ялпи мажлисда давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини кўриб чиқиш назарда тутилган.
LiveБарчаси