Сенатда ИИВ расмийси ҳибсхонадаги қийноқлар ҳақида савол берилганда аравани қуруқ олиб қочди (видео)

Жамият

image

Бугун, 18 март куни Сенат бешинчи ялпи мажлисида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Шерзод Шерматов сенаторнинг саволига жавоб бера олмади. Ҳолат Сенатнинг расмий саҳифасида жонли тарзда трансляция қилинди. 

Мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти муҳокама қилинди. Муҳокамалар жараёнида сенатор Хусан Эрматов Президентнинг тегишли қарорига кўра, сўроқ жараёнини стенограмма қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган хоналарни ташкил этиш бўйича ишлар қай даражада экани юзасидан ИИВ масъулларига савол берди.

Саволга ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Шерзод Шерматов жавоб берди. Унинг айтишича, бугунги кунда департамент ва унинг ҳудудий бўлимларида тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайт этиш тизимлари билан жиҳозланган 57 та махсус хоналар ташкил этилган. Жиноятларни тергов қилувчи ходимлар жами 1414 нафарни ташкил этиб, улар хизмат олиб бораётган барча хоналарга 1237 та овоз ёзиш хусусиятига эга бўлган видеоёзув камералари ўрнатилган. Барча камералар тергов бошқармалари бошлиқларининг хизмат хонасига интеграция қилинган. Билдирилишича, ёзиб олинган видеолар 6 ой муддатда сақланадиган хотира қурилмалари билан жиҳозланган. Бу билан барча тергов ҳаракатлари яъни тергов ходимларининг хизмат хоналарида олиб борилаётган тергов ҳаракатлари мунтазам равишда ёзиб борилади.

Шерзод Шерматовнинг айтишича, ички ишлар органларига олиб келинган, ушлаб турилган, қамоқда сақлаб келинаётган гумон қилинувчи ва айбланувчилар билан процессуал ҳаракатларни махсус хоналарда, шу жумладан, улар сақланаётган жойларда ўтказиш учун шароитлар ҳам яратилган. Жазони ижро этиш департаменти бўйсунувидаги жами тергов ҳибсхоналари 12 тани ташкил этади. Мазкур тергов ҳибсхоналарида 32 та тергов ҳаракатларини ўтказиш учун мўлжалланган хоналар ташкил этилган. Уларнинг барчасига кузатув камералари ўрнатилган.

Бироқ Шерматов сенаторнинг ўтган 2024 йилда қийноқлар оқибатида вафот этиш ҳолатлари ва уларнинг сабаблари ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Шундан кейин Сенат раиси Танзила Норбоева Тергов департаменти бошқарма бошлиғига омбудсман томонидан ўтган йили шундай турдаги ҳолатлар юзасидан қанча ариза тушгани бўйича савол берди.

“Бизга келган аризаларни ҳамкорликда кўриб чиқяпмиз. Ушбу аризалар белгиланган муддатларда жавобларни ва амалга оширилган, кўриб чиқилган текширув натижалар бўйича вақтида ахборотларни бериб бормоқдамиз. Ҳозир аниқ ҳисобот, статистик маълумотлар йўқ”,  дея жавоб берди Шерматов.

Сенат Раиси эса жавобдан қониқмади ва ҳисобот даврига тайёр бўлиб келиш кераклигини айтиб, унга дакки берди.

“Олдимизда статистика йўқ, лекин ҳаммасини назорат қиламиз, ҳаммасини бажарамиз, деган гаплар умумий гаплар. Шунинг учун бундан кейин бу тарзда жавоб берманг, жавобингиз қабул қилинмайди”, деди Норбоева.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ Сенат ҳибсхона қийноқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг