Сенат ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этяпти
Жамият
−
21 Июнь 2019
6005Хабарингиз бор, бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этмоқда.
Президент раислигида ўтаётган ялпи мажлис аввалида 2016 йилдан 2019 йилнинг 20 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Танзила Камоловна Норбоева Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси этиб тайинлангани эълон қилинди.
Ялпи мажлис аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси лавозимида 2019 йилнинг 20 июнига қадар фаолият юритган Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимини эгаллаганини, собиқ Бош прокурор Отабек Муродовга жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттиряпти.
Ялпи мажлис кун тартибига мамлакат тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишга, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилган.
Янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги, “Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ва Кармана тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.
Сенаторлар томонидан Сирдарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.
Сенат аъзолари Истиқболли туризм йўналишида Ўзбекистон халқаро имижини ошириш чоралари тўғрисида, Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати тўғрисида ҳукуматга парламент сўровлари юбориш масаласини муҳокама қиладилар, шунингдек илгари юборилган парламент сўровлари натижаларини кўриб чиқадилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг йигирманчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун ишчи гуруҳ тузилди.
Шунингдек, мажлисда Кенгаш ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
LiveБарчаси