Сенат ўзи чиқарган қарорни ўзи тушунмаяптими?

Жамият

Ўзбекистонда бойлар жамиятни табақалашувига сабаб бўлиб, урушсиз мамлакатни хонавайрон қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси Иқбол Мирзо кеча, 20 сентябрь куни Сенатда ўтган йиғилишда гапирган. 

Маълумки, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Кеча Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. 

“Бизнинг олдимизга қўйилган талаб шуки, ортиқча ваҳима уйғотмасдан, тўғри тушунтиришимиз керак. Реал бир ҳолатга келиб қолдикки, бойлар дабдабали тўйлар, исрофгарчиликлари, пул сочишлари билан жамиятда табақалашиш, жамиятни иккига бўлиш даражасига олиб  келиб қўйди. Бу урушсиз мамлакатни хонавайрон қилиш дегани. Мана шу нарсани тўғри тушунтириш керак. Шу даражага келиб қолганимиз учун ҳам Сенат ва Олий Мажлис қонун даражасидаги қўшма қарор қабул қилишга мажбур бўлди. Энди биз буни амалга оширмасак бўлмайди. Буни амалга ошириш механизмлари тўғрисида  гаплашамиз. Ҳали бу қарор такомиллаштириляпти. Адлия вазирлиги унинг нормаларини ишлаб чиқяпти”.

Иқбол Мирзонинг айрим гаплари кишини ҳайратда қолдирди. Масалан, қарор асосида қабул қилинган Низомда тўйда икки нафардан ортиқ хонанда ёки гуруҳ иштирок этиши тақиқланган. Овоз узатгичларга ҳам маълум бир чекловлар қўйилган. Бироқ, бунинг ижроси қандай таъминланиши ҳамон мавҳум. Хўш, сенаторлар энди тўйма тўй юриб қарор ижросини текширадими ё ички ишлар? Сенатор Иқбол Мирзонинг ўзи ҳам бундан ташвишда.

“Тўйга келган одамларни ким санайди, уларга жарима, маъмурий жазо қандай бўлади? Бу масалаларни ойдинлаштириб олишимиз керак. 

“Ўзбекконцерт” менга мурожаат қилди: қарорда айтилганидек икки нафар хонанда ё икки гуруҳ қатнашишини ким назорат қилади? Ёки овознинг баландлигини ким ўлчаб беради, қайси тўйхонага ким у ўлчагични кўтариб юради? Мана шу масалаларни ечиб олишимиз керак. Гапнинг очиғи тўйларга боришга одам безиллайди, биров билан гаплашиб ўтиролмайсан. Умуман гаплашиб бўлмайди, фақат шовқин. Ўзи нима бўляпти деб ҳайрон қоладиган даражада”, дейди сенатор. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат Иқбол Мирзо Тўй

Баҳолаганлар

244

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг