Сенат аъзолари сони қисқартирилмоқда
Жамият
−
19 Январь
10414Сенат аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари эса 7 нафардан 2 нафарга қисқартирилмоқда. Бу ҳақдаги янги ўзгаришлар Сенатнинг 49-ялпи мажлисида муҳокама қилинди.
Мажлисда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис палаталари томонидан ўз фаолиятларини тартибга солувчи қонунлар янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, парламент палаталарининг фаолиятидаги параллелликни ва бир-бирини такрорловчи ваколатлари аниқлаштириляпти, Сенат аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилмоқда. Бунда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланмоқда.
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилди. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланди. Бундан ташқари Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилди. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилиши, Сенатнинг янги таркиби эса, 1 ой мобайнида шакллантирилиши назарда тутиляпти.
Сенат аъзолари сони ва қўмиталар номлари, Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосарлари сони ва мақомини белгиловчи мазкур қоидалар 2024 йилнинг навбатдаги чақириқдаги Олий Мажлис палаталари иши бошланганидан амалга киритилиши белгиланди.
Муҳокама якунида ушбу қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси