“Давергеодезкадастр” раиси: Ходимларнинг кадастр ҳужжатини қилинглар деб уйларга кириш ваколати йўқ

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.

Сўзга чиққанлар қонуннинг мақсади аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлигини қайд этдилар. Аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси тўғрисида ишончли ва холис ахборот йиғиш экани қўшимча қилинди.
Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

•    даврийлик;
•    умумийлик ва бир пайтдалик;
•    рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги (номма-номлиги);
•    шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги;
•    аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг марказлаштирилганлиги.

Қонунда аҳолини рўйхатга олишнинг қуйидаги асосий вазифалари белгиланмоқда:

•    оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги, демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш;
•    аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар учун шарт-шароитларни яхшилаш, шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш;
•    аҳолини рўйхатга олишлар оралиғидаги даврда аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш;
•    ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш.

Қонун муҳокамаси вақтида сенатор Эргаш Солиев “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида ободончилик, қурилиш ишлари амалга оширилгани, янги кўчалар пайдо бўлгани, кўп қаватли бинолар қурилганини айтиб, фуқароларнинг кўпчилиги турар-жойлари учун кадастр ҳужжатларини қилмагани – ана шу масалалар аҳоли тўғрисида холисона ахборот олишда муаммолар туғдирмаслиги, бу борада Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида сўради.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев сенаторга қуйидагича жавоб берди:

“Қонун қабул қилиниши билан боғлиқ бевосита ва билвосита ишлар бор. Бевосита боғлиқ бўлган ишимиз – маҳалла, турар-жой, туманларнинг чегараларини белгилаб олиш. Бир-бирига кириб кетган жойлари бор. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 299-қарори билан ўтган йилдан бери ишлар бошлаб юборилган.

Ҳозирги кунда биздаги рўйхат бўйича республикада 7 миллион 2 юз мингдан ортиқ турар, нотурар-жойлар бўлса, улар кадастр ҳужжатларининг қилинганлик даражаси 82 фоизни ташкил этади. Лекин қолганлари бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган. 

Ходимларнинг кадастр ҳужжатларини қилинглар деб уйларга кириш ваколати йўқ. Буни яқинда ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда иш бошлаганмиз. 

Мана шу 82 фоизда [кадастр ҳужжатлари] бор дейилгани билан буларнинг ичига кириб кўриладиган бўлса, аксариятининг кадастр ҳужжатлари бобоси, отаси – шуларда қолиб кетган. Ўзига мулк ҳуқуқи эътироф этилмаган. Бу бўйича ҳам бизда режали ишлар бошланган. 2021 йилга кадастр ҳужжатларини қилиш якунланган бўлади”, деди Абдушукур Абдуллаев.

Муҳокамалар якунида сенаторлар мазкур қонун лойиҳасини маъқуллади.

Суратлар муаллифи: Баҳодир Аҳмедов


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат ялпи мажлис рўйхатга олиш

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг