Янги Президент сайлангач АҚШни катта “чигалликлар” кутмоқдами?
Олам
−
05 Ноябрь 2020
11830АҚШда бўлиб ўтган Президентлик сайлови бутун дунё миқёсида жамоатчилик диққат марказидаги асосий мавзулардан бири бўлиб турибди. Сайлов тафсилотлари турли мамлакат оммавий ахборот воситаларида қандай ёритилаётгани ҳақида BBC мониторинг ўтказди.
Хитой ва АҚШ алоқалари Дональд Трамп Президентлиги даврида, айниқса, кескин тус олди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо уруши жаҳон иқтисодиётига ҳам таъсир қилди. “Агар сайлов натижалари аниқ бўлмаса, хаос юзага келиши мумкин. Бу эса ижтимоий тартибсизликка сабаб бўлади”, дейилди “Синьхуа” хабарида. “Global Times” газетаси эса асосий саҳифасида “Кескинлик ва тартибсизлик АҚШдаги сайловларга таъсир ўтказмоқда”, деб ёзади.
Лотин Америкаси оммавий ахборот воситалари Трампнинг лотин америкалик сайловчилар яшовчи Флорида штатидаги муваффақиятига эътибор қаратди. “Трампнинг Флоридадаги зафари Демократик партиянинг ғалаба қозониш эҳтимолини кўмиб ташлади. Венесуэлалик, кубалик лотинлар ва евангелистлар амалдаги Президентни қўллаб-қувватлашди”, дея қайд этди Бразилия кундалик газеталаридан бири “Folha de Sao Paulo”. Лотин Америкаси шарҳловчиларининг айтишича, Трампнинг Байден фаолиятини социализм билан боғлаши Куба ва Венесуэладан сургун қилинганлар томонидан қўллаб-қувватланган.
“Россия 24” дастуридаги журналистлардан бири эса “АҚШдаги телбаликни кузатишда давом этамиз”, дея фикр билдирган. Рус журналистлари, шунингдек, Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашгани ҳақидаги даъволар билан боғлиқ ҳазиллар ҳам қилишди. “Бизни тинглаётган баъзи дўстларимиз булар аллақачон Трампни ғолиб деб эълон қилишди, деб ўйлашаётгандир”, деди журналистлардан бири. Иккинчиси эса “Бу шунчаки оддий математикадан бошқа нарса эмас”, дея жавоб берган.
Европанинг бошқа мамлакатлари эса икки номзоднинг бир-бирига жуда яқин натижа қайд этиши ва бунинг ортидан тартибсизликлар келиб чиқиши эҳтимолига эътибор қаратди. “Жо Байден аниқ ғалаба қозонади, деб ўйлайдиган кўплаб одамлар ҳам вақт ўтиши билан сўрай бошлашди: Трамп ҳалиям ютиши мумкинми?”, деб ёзди Германиянинг “Bild” газетаси.
Франциянинг “Inter” ахборот агентлиги эса “Пойга кутилганидан-да аёвсиз курашлар билан кечмоқда, демократик тўлқин ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас”, деб таъкидлади.
Яқин Шарқдаги янгилик каналлари, асосан, сайлов натижалари ноаниқ эканини таъкидламоқда. Миср газеталари “тарихий натижа”га эришилгани, Эрон ОАВлари эса жамиятда тартибсизлик юзага келиши мумкинлигини айтмоқда. “Press TV” “фуқаролар уруши хавфи” мавжуд ва вазият “жуда қўрқинчли” тус олиши мумкин, деган фикрда.
Динара Юсупова
LiveБарчаси