#SaveBukhara: жамоатчилик ва мутахассислар Бухородаги сохта пародияга қарши
Таҳлил
−
15 Январь 2023
12478#SaveBukhara! Ушбу челленж жорий ҳафта ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг асосий эътибор марказида бўлди.
Бунга бир гуруҳ бухороликларнинг Бухоро марказий стадиони олдида Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқиши сабаб бўлди. Йўқ, улар совуқдан, газ ва чироқ ўчишидан шикоят қилмаган. Бухороликлар ўз шаҳарларидаги маданий мерос объектларининг бузиб ташланишидан норози.
Одамларнинг норозилигига Бухорода 2023 йилда туризм маркази қуриш мақсадида шаҳарнинг Иброҳим Мўминов ва Мустақиллик кўчалари атрофидаги барча бино ва иншоотлар бузилиши режаси сабаб бўлмоқда. Уларнинг орасида яқинда таъмирдан чиқазилган катта спорт мажмуаси ҳам бор.
“Очофат олигархлар ва уларнинг хизматидаги югурдак вазирларнинг Бухорога ҳам, UNESCO ва маданий мерос мезонларига ҳам тупуриб қўйгани бор”, деган мурожаатчилар.
Вилоят маданий мерос бошқармаси ҳам ушбу лойиҳа бўйича хулосасини эълон қилиб, ҳозирги кунда барпо этилиши режалаштирилган "Бухоро туризм маркази"нинг умумий майдони 32,6 гектар экани ва бу тўлиқлигича Бухоро тарихий марказининг буфер зонасида жойлашганини билдирган.
“Мазкур ҳудудда, Вазирлар Маҳкамасининг 04.10.2019 йилдаги 846-сонли қарорига асосан Миллий рўйхатга киритилган 2 та маданий мерос объектлари жойлашган. Булар 2012 йилда қайта тикланган “Саллоҳхона” дарвозаси ҳамда 1980 йида ўрнатилган Абу Али ибн Сино бюсти ҳисобланади”, дейилган бошқарма хабарида.
Шунингдек, идора “Бухоро туризм маркази” бўйича лойиҳа таклифи юзасидан Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг хулосасини олиш мақсадида ушбу лойиҳа таклифини қисқа муддатда Маданий мерос агентлигига тақдим этиш мақсадга мувофиқлигини эслатган.
Шундан сўнгина Ўзбекистон Қурилиш вазири Ботир Зокиров Бухорода матбуот анчумани ўтказди ва марказ қурилишида халқ ва UNESCO билан маслаҳатлашишга ваъда берди.
QALAMPIR.UZ Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим эътилган мазкур лойиҳа бўйича соҳа мутахассисларининг фикри билан қизиқди. Улар режалаштирилган “Туризм марказ”ининг архитектураси шаҳарнинг тарихий қиёфасига таъсир кўрсатишидан хавотирда.
"Биз гапирганимиз билан барибир бизга қулоқ солишмайди"
Мавлуда Юсупова, Фанлар академияси Санъатшунослик институти Архитектура бўлими бошлиғи, профессор:
— Агар шаҳар UNESCO рўйхатига киритилган бўлса, унга кичик даражада бўлса ҳам ўзгартириш киритиш, албатта, UNESCO билан келишилган ҳолда амалга оширилиши шарт. Янги қуриладиган бино ҳажм жиҳатидан унча катта бўлмаса, тарихий шаҳарнинг мавқеини тушуриб қўймаса, унинг ёнида унча муҳим бўлмаган қурилиш ишларини амалга оширса бўлади. Лекин, катта ҳажмдаги бино ёки иншоотни тарихий шаҳар олдида қуриш мумкин эмас. Бундан ташқари, у ерда Собиқ Иттифоқ даврида қурилган бинолар бор, улар ҳам меъморий мерос обидаси ҳисобланади. Биз ҳар қандай давр бўлишидан қатъи назар тарихий қиёфа учун обидаларни сақлаб қолишимиз керак. Бизнинг қандай қарорга келишимизнинг аҳамияти йўқ, охирги нуқтани UNESCO қўйиши шарт.
Бугунги маҳаллий мутахасисларни шахсан ўзим биламан, реставрация ишларини бутунлай евроремонт бўлиб кетган. Буни қатъий қоралайман.Шу сабабли бундай катта, нафақат давлат, балки халқаро даражадаги лойиҳани албатта кучли, савияли маҳаллий мутахасислар билан маслаҳат асосида олиб бориш керак. Улар ўз ҳудудларини яхши билади. Бу лойиҳа кичкина эмас, шунинг учун катта эътибор талаб қилади. Гапирганимиз билан барибир бизга қулоқ солишмайди. Негадир "хўрозқанд чет элники", деса ётиб олиб ялашади. Шунинг учун мен “ҳа” ёки “йўқ” дейишдан зерикиб кетдим, чунки бизнинг фикримиз тингланмаслигига аминман.
Мисол учун, Самарқанддаги туризм шаҳарчасида аввал Хитойдан архитектор олиб келишди ва улар дастлаб Самарқанднинг тарихий қисмига бевосита янги шаҳарни қурмоқчи бўлди. Маҳаллий мутахасислар бунга қарши чиқди, аммо инобатга олинмади. Фақатгина UNESCO бунга рухсат бермагани учун қурилиш ҳудуди ўзгарди. Очиғини айтсам, Бухоронинг ичида янги бино қуриб бўлмайди, лекин қурилиш ишлари кундан-кунга ошиб боряпти. Қурилиш жараёни албатта UNESCO назорати остида бўлиши шарт.
Бугун биз хавотир остидамиз, ҳатто, Хиванинг ички қисмида ҳам қурилиш кетмоқда. Қадимги зиёратгоҳлар ҳам бугун оммавий туризмга мослаштириляпти. Бу ерда қабрлар, зиёратгоҳлар бор. Бундай жараёнларни амаллаб “тўполон” қилиб тўхтатиб қолганмиз. Биз мутахасислар "бўлмайди" деганимиз билан, афсуски, улар ўз билганидан қолмайди-да. Бизнинг яхши мутахасисларимиз уларга маслаҳат бериш учун ҳеч қандай маблағ сўрамайди, лекин чет элдан отни калласидай пул тўлаб олиб келинади. Аслида уларнинг маслаҳатлари бир тийинга қиммат, чунки улар бизнинг маҳаллий меъморчилигимизни билмайди.
Бу жараёнда ҳали лойиҳа берилмасдан, қайсидир компанияга бериш ҳолатини эса “No comment” десак бўлади.
"Маданий меросга зиён етказиш – бу миллатнинг юзига тарсакидир!"
Турсунали Қўзиев, Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари
— Ҳа, шаҳарлар ривожланади, ўсади. Унда янги қурилишлар қилинади. Лекин буларнинг ҳаммаси археологларнинг тавсиялари билан бўлади. Бу ҳам пастдаги маданий қатламларни ҳимоя қилиш, ҳам уларни муносиб равишда намойиш қилиш имкониятини беради.
Ер юзида саноқли шаҳарларгина 3 минг йилликда бирон марта ўзининг ўрнини ўзгартирмаган. Шулардан бири – Бухоро! Ўз тарихи давомида қанчалик вайрон қилинган бўлса ҳам, қанчалик кўп босқинлар бўлса ҳам шаҳар ўз ўрнидан силжимай, қайта тикланаверган. Шунинг учун бу шаҳардаги ҳар қандай қурилиш археологларнинг жиддий текширувлари ва хулосаларидан кейингина бошланиши керак.
Президентимиз бот-бот маданий меросимизни авайлашимиз ҳақида гапиради. 2022 йилда бу бўйича 10 та ҳужжат қабул қилинди. Шунинг учун агар маданий меросга зиён етадиган бўлса, бу миллатнинг юзига урилган тарсаки бўлади. Яна қайтараман, бунга олимлар, мутахассислар, археологлар жалб этилиб, уларнинг хулосалари олиниши шарт!
"Энг катта хато археолог ва архитекторлар орасидаги мулоқотнинг бузилгани"
Феруз Субҳонов, Тошкент Архитектра-қурилиш университети доктаранти:
— Аслида Бухоро қадимги ҳудуд бўлгани учун у ерда турли услубдаги биноларни қуриш мумкин эмас. Чунки тарихий шаҳарларда ҳимоя ҳудуди бўлади. Бу лойиҳада ҳудуд тўғри танлангани билан бинонинг услуби шаҳар тарихига таъсир кўрсатмаслиги керак. Бу борада албатта, аҳоли билан гаплашиш зарур. Бизда замонавий архитектура мавжуд бўлмаса-да, тарихий архитектура анча ривожланган. Бугунги кунда энг катта хато археолог ва архитекторлар орасидаги мулоқотнинг бузилиб қолганида.
"Туристик марказ"ларини чеккароқда, ҳеч нарса йўқ томонда қуришсин"
Муҳаммаджон Фозилий, архитектор-реставратор:
— Ҳар бир иншоотни қуришдан олдин қунун бўйича биринчи навбатда археологлар ишлаши керак. Агар у ерда қандайдир маданий қатламлар, эски биноларнинг қолдиғи бўлмаса, ўшандагина қурилиш ишларини олиб бориш мумкин. Шаҳарнинг ўзида қурилишлар кўп бўлади. Масалан, сизнинг уйингиз таъмирталаб аҳволда. Сиз агар янги уй қурмоқчи бўлсангиз ҳам мутахассислардан сўрашингиз керак. Ана шунда мутахассислар лойиҳа билан танишиб, қурилиш қилиш мумкин ё йўқлиги, агар мумкин бўлса неча қават қуриш кераклигини айтади. Икки қаватли қурилса, бухороча усулда қурилишини тавсия қилиб, хулоса беради. Лекин шунда ҳам қурилиш давомида қандайдир тарихий биноларнинг қолдиғи топиладиган бўлса, давлат ўша уйни сотиб олиши керак.
Янги қурилишлар доим эскиларидан баланд бўлади. Бу эса кўп ҳолларда тарихий бинога зиён етказиб қўяди.
Бухорода жуда катта ҳудудда қурилиш қилиш эса нотўғри. Чунки қурилишдан олдин археологик қазишмаларга кўп вақт кетади. Шунингдек, қурилиш майдонининг олдида қанақа бинолар борлиги, қурилиш ишлари ўша биноларга зарар етказмайдими – ўрганилиши керак. Лойиҳани ҳам ҳар кимнинг қўлига эмас, Бухорони яхши биладиган, шаҳарнинг ҳар бир қаричини яхши тушунадиган кучли мутахассисга топшириш керак.
Тарихий масканлар битта организмга ўхшайди. Унга этибор берилмаса, йўқолиб кетади. У бойиши керак, ҳар бир асрда янги бино қурилиши кеак! Барча аср биноларини ўзида мужассамлаштира олиши, Бухоро билан уёғунлашиши керак. Лекин у бинолар ўзига хос ва такрорланмас бўлсагина тарихда қола олади.
Агар шуни эплай олишса, марҳамат, марказда қурилиш қилинсин. Йўқса “туристик марказ”ларини чеккароқда, ҳеч нарса йўқ томонда қуришсин. Бошқа иложимиз йўқ!
Шунингдек, Марказий Осиё маданий меросини ҳимоя қилиш, унинг талон-торож ва йўқ қилинишининг олдини олиш нодавлат халқаро ташкилоти ҳам мазкур лойиҳа юзасидан ўз муносабатини эълон қилди:
“Туризм маркази” – бу сохта тарихий пародия!
Alerte Helitage Маданий мерос нодавлат халқаро ташкилоти:
— Нега шаҳар ҳокимияти аҳолиси билан шаффоф ва самарали маслаҳатлашувлар ўтказмади? Нега, мазкур шаҳар лойиҳасини ишлаб чиқувчини танлашда очиқ тендер эълон қилинмади? Нега меъморий лойиҳалар танлови бўлмади?
Худди шу сценарий Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида такрорланиши маданий меросни қуриш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги тизимли муаммоларни кўрсатади.
Меросни сақлаб қолиш ҳақида ташвишланмаслик керакдек туюлади, аммо охир-оқибат, ҳукуматнинг ваъдаси режани UNESCO билан мувофиқлаштириш бўлди.Бироқ, расмий мувофиқлаштириш тарли емас. UNESCO фақат Жаҳон мероси объектларини сақлаш тадбирлари учун жавобгар. Бироқ, 1970-1980 йиллардаги меъморий ёдгорликлар қурилиш майдончасида жойлашган бўлиб, улар маданий мерос объектларининг расмий рўйхатига киритилмаган ва шунинг учун, айниқса, улар кўпроқ хавф остида. Хусусан, биз иккита хокимиятлар бинолари ҳақида гапирамиз: шаҳар ва вилоят.
Биринчиси 1970 йилда қурилган ва охирги марта реконструкция қилинган бино Совет Иттифоқи модернизмининг ёрқин ёдгорлиги бўлган (Бухоро меъмори Зоиршо Қиличевнинг маълумотларига кўра).
Иккинчиси, 1980 йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг таниқли меъмори Ричард Блесетнинг лойиҳаси бўйича қурилган бўлиб, у меъморнинг сақланиб қолган кам сонли асарларидан биридир.
Ташқи кўринишига кўра, классик услубда. Блесетнинг бошқа асарлари тубдан қайта қурилган (Госплан ) ёки собиқ Ёшлар уйи, Нашриёт уйи ва собиқ Ҳисоблаш Марказининг асл кўриниши йўқотилган.
Сўнгги бир ярим йил ичида Тошкент модернизмининг тузилмалари Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан топширилган халқаро меъморлар ва тадқиқотчилар гуруҳининг лойиҳаси доирасида ҳар томонлама ўрганилди. Мутахассислар биноларнинг сақланиш даражасини аниқладилар ва уларга маданий мерос ёдгорлиги мақомини бериш учун зарур чораларни кўришни талаб қилишди.
Амалга оширилган тайёргарлик ишлари давлат томонидан муҳофаза қилинадиган Тошкент ёдгорликлари рўйхатини қонуний равишда кенгайтиришга ва келажакда режалаштирилган тиклаш ва реконструкция ишларини амалга оширишга сабаб бўлди. Бироқ, бугунги кунда вилоятлар марказларида ҳам тезроқ бундай ишларни амалга ошириш керак. Чунки яқин орада ХХ асрнинг модернистик архитектураси умуман қолмаслиги мумкин. Тошкентда "Киночилар уйи"ни бузиш фожиаси бунинг яққол мисоли.
Янги мажмуанинг эълон қилинган режасида Бухоро хокимиятининг иккала биноси ҳам ўз жойларида қолмоқда, аммо бу хотиржамлик учун сабаб эмас.
1990-2020 йиллар давомида биз кўплаб модернизмга хос бўлган меъморий ёдгорлик намуналари йўқотилган қайта қуриш даврининг гувоҳи бўлдик. 2010-2020 йиллардаги нозик йўқотишлар орасида Тошкентдаги Марказий банк ва Ташқи ишлар вазирлиги бинолари бор. Бундай вазиятда Бухоро хокимлигининг “Туризм маркази” ҳам сохта тарихий пародияга айланиш хавфини туғдиради. Биз шаҳар ва республика ҳокимиятини бунинг олдини олишга чақирамиз. Шунингдек, биз фуқароларнинг шаҳарда қабул қилинган қарорларни муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқини талаб қиламиз. Уларнинг овози муҳим ва уларни эшитиш керак.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 1 октябрь куни UNESCO'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сара Ношади Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирокида “Бухоро туризм маркази” лойиҳаси учун танланган ер майдонлари кўздан кечирилганда, ушбу лойиҳани Бухоро тарихий марказининг буфер зонасидан 1,8 км узоқликдаги “Гулчорбоғ” МФЙ, Қалқон кўчаси ёқасидаги ер майдонида амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги билдирганди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси