Савдо уруши: Хитой ва АҚШ Женевада келишувга эришди
Олам
−
12 Май 5018 3 дақиқа
Жорий йилнинг 10-11 май кунлари Хитой ва АҚШ Женевада юқори даражадаги музокаралар ўтказди ва мазкур музокаралар чоғида томонлар савдо ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатлашувлар учун махсус механизм яратишга келишиб олди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Қайд этилишича, музокараларда АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир, АҚШ Молия вазири Скотт Бессент, Хитой Давлат кенгаши раисининг ўринбосари Хэ Лифэн ҳамда икки нафар хитойлик вазир ўринбосарлари иштирок этган.
Хэ Лифэнга кўра, томонлар жорий йилнинг январь ойидаги Хитой-АҚШ саммитида эришилган асосий келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган. У Хитой ва АҚШ ўртасида ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган ва томонлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг моҳияти ўзаро манфаатдорликка асосланишини қайд этган.
Хэ, шунингдек, турли иқтисодий тизимларга эга давлатлар ўртасида келишмовчиликлар табиий эканини, аммо бундай зиддиятларни бартараф этиш учун тенг ҳуқуқли мулоқот асосий восита бўлиши кераклигини билдирган. У Хитой савдо урушини истамаслигини, бироқ агар АҚШ унинг манфаатларига таҳдид солишда давом этса, жавоб чораларини кўришга тайёр эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, барқарор ва соғлом савдо-иқтисодий муносабатлар нафақат икки мамлакат, балки бутун дунё иқтисодиёти учун ҳам муҳим.
АҚШ ҳам музокаралар якунида муҳим ютуқларга эришилганини маълум қилди. Молия вазири Скотт Бессентга кўра, музокаралар натижалари бугун, 12 май куни батафсил эълон қилинади.
АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир эса келишув туфайли АҚШнинг 1,2 триллион долларлик савдо баланси тақчиллиги сезиларли даражада камайишини кутаётганини билдирган. Унинг айтишича, томонлар кутганидан тезроқ келишувга эришгани зиддиятлар аслида камроқ эканидан дарак беради.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса музокараларни “конструктив руҳда ўтган” деб баҳолади. У АҚШ Хитой бозорининг америкалик компаниялар учун янада очиқлигини таъминлашга интилаётганини, бу эса икки томон учун ҳам фойдали бўлишини таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, савдо уруши доирасида АҚШ Хитой маҳсулотларига божлар жорий қилган, Хитой эса бунга жавобан АҚШ маҳсулотларига божларни оширган эди. Бу ўзаро кескинликнинг кучайишига олиб келган. Хитой эса ўз манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирган ва савдо урушида ҳеч ким ғолиб чиқмаслигини эслатганди. Кейинроқ эса Хитой АҚШ билан импорт божлари юзасидан музокаралар ўтказишга рози бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни Оқ уй импорт божлари бўйича янги тизим жорий қилган эди. Барча импорт қилинадиган маҳсулотлар учун асосий бож ставкаси 10 фоиз этиб белгиланган, аммо айрим давлатлар учун бу ставкалар анча юқори: Хитой учун 34 фоиз, Вьетнам учун 46 фоиз, Европа Иттифоқи учун эса 20 фоиз.
Кейинроқ АҚШ Президенти Хитой маҳсулотларига нисбатан божларни 125 фоизгача оширишини эълон қилди. Бунга жавобан Пекин АҚШдан олиб кириладиган маҳсулотларга 84 фоизлик бож жорий этди ва улар кучга кирди.
Шундан сўнг, Дональд Трамп тахминан 60 мамлакатдан импорт бўйича бож ставкаларини 90 кунга кечиктиришга қарор қилди. Бу даврда 10 фоизлик умумий божлар ва илгари киритилган 25 фоизлик автомобиль, пўлат ва алюминий импорти бўйича божлар амалда қолади. Бироқ 10 апрель куни АҚШ Хитой маҳсулотларига божлари даражасини 145 фоизга кўтарди.
Хитой бунгача АҚШ билан тариф келишуви тузишга рози бўлган ва Хитой манфаатларига зид ҳаракат қилган мамлакатларга нисбатан қарши чоралар кўришини огоҳлантирган. Хитой Савдо вазирлигига кўра, Пекин бундай келишувларни қабул қилмайди ва тегишли жавоб чоралари кўради.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь