Савдо уруши. Хитой Трампнинг бож сиёсатини қоралади
Олам
−
03 Апрель 2025 2859 2 дақиқа
Хитой Савдо вазирлиги АҚШнинг янги божларидан норози бўлиб, Вашингтон узоқ йиллик савдо музокаралари натижасида эришилган манфаатлар мувозанатини эътиборсиз қолдираётганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий баёноти эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, Америка расмийлари халқаро савдода гўёки йўқотишларга учраганига ишора қилмоқда ва “ўзаролик” деб аталадиган далилдан фойдаланиб, барча савдо ҳамкорлари учун божларни оширмоқда. Вазирликнинг фикрича, бундай ёндашув эришилган манфаатлар мувозанатини бузади ва АҚШ узоқ вақт давомида халқаро савдодан катта фойда кўрганини эътиборсиз қолдиради.
Хитой расмийлари, шунингдек, АҚШ субъектив солиқларни жорий этаётганини таъкидлаган. Вазирликка кўра, бу халқаро савдо қоидаларига мос келмайди ва тегишли томонларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зарар етказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп савдо ҳамкорларга нисбатан “ўзаро божлар” жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Тариф рўйхатига ўнлаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам киритилган. Улар орасида энг юқори бож – Хитой, Вьетнам ва Камбоджа маҳсулотларига қўлланилган. Фармонга кўра, Хитойдан келадиган товарларга АҚШда 34 фоиз, олдинги тарифлар билан жами 54 фоиз бож солинади. Трампнинг сўзларига кўра, жорий этилган тарифлар Америка товарлари учун “валюта манипуляцияси ва савдо тўсиқлари”га жавобдир.
Live
Барчаси