Саудия ядровий Покистон билан мудофаа битимини тузди

Олам

image

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд кеча, 17 сентябрь куни ҳар икки давлатга ҳужум содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича стратегик мудофаа шартномасини имзолади. Бу ҳақда “Dawn” хабар берди.

“Бош вазирлик идораси икки давлатдан бирига қарши тажовуз ҳар икки давлатга қарши тажовуз деб баҳоланишини назарда тутувчи пакт имзоланганини эълон қилди”, дейилади хабарда. 

Бош вазир ва валиаҳд шаҳзода Ар-Риёддаги Ал-Ямама қароргоҳида учрашиб, томонларни қизиқтирган турли масалалар юзасидан музокаралар ўтказган эди. Шарифга Бош вазир ўринбосари Исҳоқ Дар, Мудофаа вазири Хаважа Осиф ва Молия вазири Муҳаммад Аурангзеб ҳамроҳлик қилди.

“Dawn” Исломобод ва Ар-Риёд узоқ вақтдан бери иқтисодий ва мудофаа муносабатларини сақлаб келганини қайд этди. Покистон Саудия Арабистонидан молиявий ёрдам ва нефть олади.

Шариф, шунингдек, июнь ойида бин Салмон билан учрашган ва шу йилнинг май ойида Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги можарога барҳам беришдаги роли учун Ар-Риёдга миннатдорлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Покистон Бош вазири Шахбоз Шариф 15 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва Араб давлатлари лигаси (АДЛ)нинг қўшма саммитида Тель-Авивнинг экспансионист эҳтиёжларига қарши курашиш учун араб-ислом оператив гуруҳи тузишни таклиф қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Покистон Шаҳбоз Шариф Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг