Саудия тарафдорлари Мукаллани қайтариб олди – “Reuters”
Олам
−
03 Январь 6506 2 дақиқа
Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган, халқаро миқёсда тан олинган Яман ҳукумати Ҳадрамоут вилоятининг асосий шарқий порти ва маъмурий маркази – Эль-Мукалла шаҳри устидан назоратни БАА томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлардан қайтариб олганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда ҳукумат кучларининг тезкор ҳарбий ютуқлари Жанубий ўтиш кенгаши (ЖЎК)нинг ўтган ойда қўлга киритган позицияларини сезиларли даражада сусайтирган. Бу ҳолат ЖЎКнинг икки йил ичида мустақиллик бўйича референдум ўтказиш режалари амалга ошишига шубҳа уйғотмоқда.
Ямандаги кескинлашаётган вазият Саудия Арабистони ва БАА ўртасидаги зиддиятларни кучайтириб, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийларга қарши курашаётган ҳукумат коалициясида жиддий бўлинишга сабаб бўлди.
Маҳаллий аҳоли маълумотларига кўра, ЖЎК кучлари шимолий вилоятлардан Аденга олиб борувчи асосий йўлларни тўсиб қўйган. Гуруҳ минтақавий ва халқаро ҳамжамиятни Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳарбий ҳаракатларга қарши аралашишга чақирган.
Шунингдек, баёнотларда халқаро миқёсда тан олинган ҳукумат таркибидаги Ислаҳ партияси билан боғлиқ кучлар тинч аҳоли ва муҳим инфратузилма объектларини нишонга олаётгани иддао қилинган.
ЖЎКнинг асосий иттифоқчиси ҳисобланган БАА Ямандаги вазият кескинлашувидан “чуқур хавотирда” эканини билдириб, томонларни вазминликка чақирган.
Яман 10 йилдан буён давом этаётган уруш оқибатида турли ҳудудларга бўлинган. Мамлакат Саудия Арабистони ва Европа ҳамда Осиёни боғловчи муҳим денгиз йўли – Бaб ал-Мандaб бўғози оралиғида стратегик ҳудудда жойлашган.
Президент кенгаши раҳбари Рашад ал-Алимий Саудия Арабистонидан жанубий муаммони ҳал этишга қаратилган форум ташкил этишни сўраганини, бу барча жанубий сиёсий кучларни бирлаштиришга хизмат қилиши мумкинлигини билдирган.
Маълумот ўрнида, инқироз ўтган ой бошида ЖЎК Ҳадрамоутни ҳам ўз ичига олган ҳудудларнинг катта қисмини эгаллаб, 1990 йилда шимол билан бирлашган собиқ Жанубий Яман ҳудудлари устидан назорат ўрнатганидан сўнг кескин тус олди. Бу ҳолат Саудия Арабистони ва БАА ўртасидаги сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий сиёсий бўлинишлардан бирига сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Яманнинг ҳусийлар назоратида бўлмаган ҳудудлари учун муҳим транспорт маркази саналган Аден аэропорти 1 январдан буён ёпиқ қолмоқда. Бунга халқаро миқёсда тан олинган ҳукумат ва БАА ўртасидаги парвоз чекловлари бўйича келишмовчилик сабаб бўлганди.
Live
Барчаси